Туман бўйича диспансер назоратига олинган 811 нафар катта ёшдаги, 120 нафар болалар ва 27 нафар ўсмир беморлар учун туман кўп тармоқли марказий поликлиника, 4 та оилавий поликлиника ҳамда 7 та оилавий шифокорлик пунктларида мутахассисларнинг чуқурлаштирилган кўриги ташкил қилинди.

Вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси бош врачи Абдулазиз Юлдашев, шунингдек, шифохонанинг К. Аҳмаджонов, Я. Казаков, Т.Сиддиқов, З. Мамажонова, С. Турсунов, Б. Азимова, Й. Ғаниев, З. Собиржонова каби 15 нафардан зиёд мутахассис-шифокорлари юқоридаги тиббиёт муассасаларида бўлдилар.

Жумладан, туман КТМПда 180 нафар беморлар диспансер назоратида турган бўлиб, улар тиббий кўрик давомида мутахассислардан керакли тавсияларни олдилар.

– Бу каби тиббий кўриклар Президентимизнинг 2019 йил 13 февралдаги "2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашимизда муҳим аҳамият касб этади, – дейди вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси бош врачи Абдулазиз Юлдашев. – Вилоят даражасидаги мутахассисларнинг ОП ва ОШПларга келиб тиббий кўрик ташкил этиши беморлар учун қатор қулайликлар яратиб берибгина қолмасдан, аҳолининг руҳий саломатлигини сақлашда янги имкониятларни ишга солишимизга, касалликларнинг кечишини жиддий назоратга олишга, даво чораларини ўз вақтида қўлланилишига, табиийки, беморлар саломатлигида ижобий ўзгаришлар яратилишига хизмат қилади.

Манзура ЭРГАШЕВА.