Янгиқўрғон туманида РИО ва РИАТМ Наманган филиали мутахассислари томонидан ўтказилган тиббий кўрикдан аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг мамнунлиги чексиз бўлди. Чунки уларнинг аксарияти турмуш ташвишлари, болалар ва уй юмушлари билан бўлиб, олис масофадаги онкология шифохонасига скрининг текширувларидан ўтгани вақтида бора олишмас эди. Бугун эса улар қулай имкониятдан унумли фойдаланишди.

Эрта тонгдан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника ҳовлиси хотин-қизлар ва онкологик касалликка чалинган беморлар билан гавжум бўлди. Саломатлигидан хотиржамликни ҳис қилиш учун туманнинг турли қишлоқларидан келган аёллар, онахонлар ва онкологик касалликка чалинган беморлар РИО ва РИАТМ малакали мутахассисларининг кўригидан ўтишди. Айниқса, замонавий сайёр маммография аппаратида текширувнинг ташкиллангани хотин-қизларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилди.

– Ушбу аппарат ёрдамида аёлларда кўкрак саратони эрта бос­қичларда аниқланади, – дейди мутахассис Умида Аҳмедова. – Айни пайтда 40 ёшдан ошган аёлларни, бевосита маммолог тав­сияси билан гумон қилинган хотин-қизларни текширувдан ўтказяпмиз. Бугунги кўрик жараёнида 3 нафар аёлда саратонолди хасталиклари аниқланди.

Маммолог Орифа Аҳмаджонова, онкогинеколог Мамлакат Алибоева, онколог Наримон Шерматов, ҳамшира Нодира Ғаниевалар ўз ишига сидқидил ёндашгани боис тиббий кўрик юқори савияда ўтди.

– Туманимизда 500 нафардан зиёд диспансер назоратида турувчи беморлар бор, – дейди туман онколог-врачи Ҳасанбой Юсуфжонов. – Скрининг текширувлари натижасида 83 нафар бемор диспансер назоратига олинган бўлса, 98 нафари назоратдан чиқарилди. Шунингдек, касалликлар эрта босқичларда аниқланиб, диагностик текширувларга йўлланмоқда. Шу кунгача маммоскрининг тадбирларида 6 нафар аёлда сут бези ўсмаси, 6 нафар аёлда эса бачадон бўйни эрозияси аниқланиб, улар даволаш ва чуқурлаштирилган диаг­ностик текширувлардан ўтказиш учун РИО ва РИАТМ Наманган филиалига йўналтирилди.

Манзура ЭРГАШЕВА.