"Наманган-С" меҳмонхонасининг тадбирлар залига бу гал Наманган ва Андижон вилоятларида фаолият юритаётган қон қуйиш марказлари мутахассислари ҳамда шаҳар ва туманларда ишлаётгн хирурглар, реаниматологлар, неонатологлар, гинекологлар таклиф этилдилар. Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидан ташриф буюрган меҳмонлар томонидан "Маҳорат дарс­лари" уюштирилди.

Ғоят фойдали ва долзарб масалалар юзасидан ўтказилаётган тадбир Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовнинг кириш сўзи билан очилди. Сўнгра, институтнинг бўлим мудирлари навбатма-навбат кўргазмали маърузалари билан чиқдилар. Мая Маҳмудова "Қон ва қоннинг компонентларини қуйишга доир кўрсатмалар, уларнинг клиник самарадорлиги, меъёри ва қон қуйиш техникаси, қон қу­йишда юзага келиши мумкин бўлган аломатларнинг олдини олиш ҳақида", Фотима Миняева " Қон компонентларини тайёрлашнинг асосий хусусиятлари- эритроцитар массани ювиш, тромбицитар масса, криопреципитат тайёрлаш техникаси тўғрисида", Ирина Жалолова "Қон қуйишдан олдинги тест синамалари хусусида" машғулотлар олиб боришди.

Маърузалар якунлангач, қон қуйишда юзага келадиган клиник асоратлар ва ходисалар яна биргаликда қизғин муҳокама қилинди.

Амалий машғулотлар вилоят қон қуйиш марказида ташкилланди. Институт мутахассиси Мукаррам Пўлатова донорлик талаблари-ю, улар билан ишлаш тартибини янада тўлақонли тушунтириб берди. Наманганликлар тажрибасини маъқуллаб, ютуқларини алоҳида эътироф этди. Айни маҳалда қимматли таклифлар ва тавсиялар билдирди. Шунингдек, ҳужжатлар юритиш амалиёти яхши баҳоланди, нималарга кўпроқ эътибор қаратиш керакли ҳам батафсил тушунтирилди.

- Қон ва унинг компонентларини тайёрлаш ва сақлаш ғоят нозик ва ғоят масъулиятли иш, - дейди вилоят қон қуйиш маркази раҳбари Мунира Умрзоқова. - Аввало, соғлом одам донор бўлиши шарт. Шунинг учун бу масала доимий диққат марказимизда. Амалга оширилаётган ишларимиз асосида соҳадаги янгиликлар, тажрибалар, талаблар хусусида "Маҳорат дарслари"нинг ҳам назарий, ҳам амалий қисмида атрофлича фикр юритилди. Билимларимиз бойитилди, малакаларимиз мукаммаллаштирилди. Бунинг учун Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти раҳбариятига, жамоасига катта миннатдорчилик изҳорлашга бурчлимиз. Ўйлаймизки, келгусидаги ишларимиз янада яхшиланиши борасида, бундай тадбирлардаги сабоқлар барча врачлар фаолиятида самарали асқотади.

Мунира Ваҳобовна ҳақ гапни айтди. Чунки қон қуйиш билан боғлиқ беморлар ҳаёти хавф остида туради. Бу амалиёт ўз вақтида, барча тиббий қоида ва талабларга тўла риоя қилиб ўтказилгандагина кутилган натижага эришилади. Дастлаб тоза қон олиш, сўнгра яратилган қулай шароитларда сақлаш, кейин эса бемор танасига секин-аста қуйиш ўз ўрнини топиб, ўз вазифасини бажариш жараёнини бошлашига муваффақиятли эришиш - бу бир инсонни ҳаётга қайтариш, тириклик неъматини тиклаш демакдир.

"Маҳорат дарслари" шу жиҳатдан қон қуювчилар учун бениҳоя фойдали бўлганига ишончимиз комил.

Содиқ САЙҲУН.