Кекса авлод вакилларига ҳар жиҳатдан мадад ва меҳр-мурувват кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш учун анъанавий "Кексалар ҳафталиги" жойларда юқори савияда ташкилланди. Жумладан, Поп туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокорлари томонидан жорий йил 5-6 октябрь кунлари тумандаги "Мурувват" – эркаклар интернат-уйида тиббий кўрик ташкил қилинди. Унда мазкур муассасада яшовчи 320 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний ва руҳий соғломлиги кўрикдан ўтказилди.
Тадбирда невролог, кардиолог, жарроҳ, лор, офтальмолог, стоматолог, эндокринолог, психиатр, дерматовенеролог каби тор доира мутахассислари текширувлари ташкиллаштирилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижаларига кўра, амбулатор, консерватив, тезкор-оператив даво тавсиялари берилди.
Муҳими, шу каби инсонпарварлик ва меҳр-мурувватга йўғрилган тадбирлар орқали бу ерда яшовчиларнинг кўзларида шукроналик, миннатдорлик аксини кўриш мумкин эди.
Фурқатжон МАМАДЖОНОВ.