Ўтган шанба куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори Аброржон Алижонов раҳбарлигида бир гуруҳ юқори малакали мутахассислар Чуст туманида бўлишди. Бу "Тиббиётдаги ислоҳотлар-инсон қадри учун" шиори остида ўтказилаётган акция доирасидаги ғоят фойдали ташрифлардан биридир, албатта.

Даставвал улар тумандаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, сўнгра кечга қадар кўп тармоқли марказий поликлиникада ҳамкасблари сафига қўшилишди. Эътиборли жиҳати, гарчи улар бир кунлик "меҳмон" бўлишса ҳам, аслида беморларни мезбон сифатида кутиб олишди.

Мана, биз жарроҳлик бўлимидамиз. Туман жарроҳи Носиржон Абдуллаевнинг эътирофича, бундай тадбирлар улар учун айни муддао экан. Янаям аниқроғи, ўзаро тажриба алмашишнинг ўзига хос мактаби ролини ўйнаши билан муҳим аҳамият касб этмоқда. Беморлар галма-гал киришяпти, шифокорлар бирга кўришяпти, маслаҳатлашиб энг тўғри ечимга келишяпти. Масалан, бемор Расулжон Сиддиқов шу йил март ойида Тошкентда автоавария чоғида шикастланган, зарур жарроҳлик амалиёти ўтказилгану, бироқ айни маҳалда батамом соғайиб кетмаганидан, қўлидаги асоратидан ташвишдалигини айтди. Унга Улуғбек Бозорбоев яна қўшимча муолажалар буюрди.

Хона ичидаги хонада тиббиёт фанлари номзоди, моҳир жарроҳ Баркамол Исҳоқов беморларни кетма-кет қабул қилмоқда. Юзида ниқоб, қўлига тиббий қўлқоп тақиб олган юқори малакали врач даво истаб келган ҳар бир кишининг соғ­лиғидан шикоятини диққат билан тинг­лаяпти. Жароҳати ўрнини синчиклаб текширяпти. Туман врачи билан биргаликда қўшимча тавсиялар бермоқда. Зарур ҳолатларда беморларни операция столига ётқизиб, кичик ва оддий амалиётларни ўтказяпти. Бемор Манзура Убайдуллаева била Сабоҳат Шаропова оғриқли жонларига тезда оро киритишгани учун уларга миннатдорчилик билдиришар экан, мутахассисларнинг туманга ташрифи нақадар самарали эканига яна бир карра иқрор бўлдик.

Эллик бир ёшли Абдулпатто Йўлдошевни парапрактит – орқа аъзосининг йиринглашидан озор чекаётган ҳолда хонага олиб келишди. Моҳир жарроҳлар ўз вақтида шифобахш тиғларини ишга солишди. Кўп ўтмай, у ҳушига келди. Бир муддат аввал инқиллаб, кўзларига дунё тор кўриниб турган беморнинг нигоҳларидан энди миннатдорчилик жилвасини уқиш мумкин эди. У эшитилар-эшитилмас шивирлади: "Қўларингиз енгил экан, мингдан-минг раҳмат сизларга!"

Худди шундай манзарани травматолог ва бошқа ихтисослашган мутахассислар хоналарида ҳам кузатдик. Жарроҳ Хуршид Пўлатов, травматолог Муроджон Абдуллаев, кардиологлар Турғунпўлат Сот­қинов, невролог Мусохон Тўрахоновлар ҳам сидқидил хизматлари туфайли дарддан халос бўлганларнинг олқишларига сазоворланишди.

Чустлик 95 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллиги аниқланган 21 нафар бемор юқори технологик амалиётларга муҳтож деб топилди. Уларнинг айримларини шу куннинг ўзидаёқ соғломлаштириш чоралари кўрилди. 14 нафар бемор қийнаб келаётган дардлардан фориғ этилди. Яна 7 нафарида жарроҳлик амалиётлари келгуси ҳафтада бажарилиши белгилаб берилди.

Содиқ САЙҲУН.