Тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш ва беморларга қулай имкониятлар яратиш вазифаси соҳада кечаётган ислоҳотлар марказида турибди. Шу боис ҳам юртдошларимиз саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган янгидан-янги тиббий тадбирлар татбиқ этилмоқда. Хусусан, "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси хайрли ташаббус билан чиқди.

Сентябрь ойидан бошлаб аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг яна бир самарали ва мақбул усули жорий этилмоқда. Яъни, ҳафтанинг ҳар шанба куни вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг энг малакали шифокору мутахассислари шаҳар ва туманларга йўл олмоқдалар. Шу ўринда қайд этиш жоизки, илгаригидек ҳамма муассасалар вакиллари бир ҳудудда эмас, қатъий белгиланган жадвалга мувофиқ тегишли туманда иш олиб боришмоқда. Ихтисослик бўйича эрталабдан кечга қадар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан тортиб, аниқланган касалликларни бартараф этиш учун ҳаттоки жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

17 сентябрь куни эрталаб Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали кардиолог, кардиожарроҳ ва интервенцион-кардиологлари филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов раҳбарлигида Мингбулоқ туманига етиб келдилар. Мақсад юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш борасида маҳаллий тиббиётчилар фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш ҳамда мингбулоқликларга юқори малакали кардиологик хизмат кўрсатишдан иборат эди.

Намангандан келган тажрибали шифокорлар бир неча гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий ишга киришдилар. Асосий урғу юрак-қон томир касаллигига чалинган беморларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга берилди. Чунончи, диспансер ҳисобида турувчи хастаҳолларнинг саломатлиги ҳолати ўрганилди. Таниқли кардиолог Вилдан Рафиқов қабул ўтказаётган хона олдида унинг ҳузурига кирувчилар бисёр. Вилдан Талгатович ҳар бир фуқаро соғлиғини синчковлик билан ўрганиб, даво чораларини белгиламоқда. Бемор Шаробиддин Ҳасанов бош мия қон айланиши бузилиши ишемик туридан азият чекмоқда эди. Шифокор уни дарддан халос қилиш бўйича тавсия берди.

Яна бир хонада кардиолог Аббосжон Банноев тиббий текширув олиб бораётир. У фарзанди билан келган Барно Усмоновани безовта қилаётган касаллик бўйича бемор "арзи" ни диққат билан эшитди. Ўз тажрибасидан келиб чиқиб, хасталикни бартараф этувчи муолажаларни буюрди. Шу куни туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг биринчи ва иккинчи қаватидаги кўплаб хоналар кардиологлар ихтиёрига берилди. Тиббий кўрикдан ўтишга келган ҳар бир фуқаро учун зарур шароит яратилди.

Бугунги тиббий тадбир туфайли қанчадан-қанча одамлар вилоятимизнинг энг малакали кардиологлари хизматидан баҳраманд бўлмоқда. Биз беморлар уларнинг ҳузурига борсак, қанчалар оворагарчиликларни бошдан кечирардик. Ҳозир эса қандай муаммомиз бўлса, ҳаммасини ҳал этиб беришяпти. Одамлар дардига дармон истаб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун зарур шароитлар яратилаётганидан беҳад мамнунмиз, – дейди Муқаддас Имомова.

Кардиологларнинг яна бир гуруҳи эса туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги " Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-103-сонли Қарори ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятни ўрганди ва бу йўналишдаги ишларни намунали йўлга қўйиш юзасидан амалий кўмак бериш билан шуғулланди. Интервенцион-кардиолог Акмалжон Жалилов юқоридаги ҳужжатга мувофиқ шифокор олди кўрув хонаси, профилактика хонаси ва гипертониклар мактаби ишини йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар берди. Мазкур хоналар ташкилланиб, зарур асбоб-ускуна ва тиббий асбоблар билан жиҳозланди.

Шу куни туман марказий касалхонаси кардио­логия бўлимига ётқизилган беморларни даволаш жараёни қандай кечаётганлиги ҳам ўрганилди. Хастаҳолларни соғломлаштиришда даволаш-диагностика стандартларига амал қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Кардиолог Жўрабой Орипов раҳбарлигидаги маҳаллий шифокорлар билан мулоқот чоғида соҳа ишини янги босқичга кўтариш учун қандай фаолият юритиш зарурлиги айтилди.

Аҳоли соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва соғлом овқатланишни ташкил этиш Мингбулоқда кечган фаолиятнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Директор Солижон Мўминов поликлиникага келган аҳоли вакиллари ва маҳалла фаоллари учун "Саломатлик сабоғи"ни ўтиб берди. Шу билан бирга, "Саломатлик профили"нинг мазмун-моҳияти, 40 ёшдан ўтган кишилар ўртасида олиб борилаётган скрининг текширувларининг аҳамияти тушунтирилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур амалиёт ижобий самаралар беряпти. Ўтган ҳафтада Норин туманида бўлинди. Бугун Мингбулоқда ҳам кардиологик хизматни яхшилаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу жараён йил охиригача барча ҳудудларда давом этади. Пировардида юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш ва даволашда ижобий натижаларга эришишдан умидвормиз, – дейди Солижон Мўминов.

Кардиологларнинг Минг­булоқда якунланган куни қандай натижа берди? Ҳисоботларда қайд этилишича, 216 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтди. 18 нафар бемор туман тиббиёт бирлашмасининг терапия ва кардиология бўлимига ётқизилди. 7 нафар хастаҳол эса РИКИАТМ вилоят филиалида консерватив усулда даволанадиган бўлди. Диагностик текширувларга 8 киши, 5 киши эса коронарография ва стентлашга йўналтирилди. Бир кишида давлат-тиббий суғуртаси жамғармаси маблағи ҳисобидан юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.

Бу – кардиология соҳаси намоёндаларининг туманда олиб борган бир кунлик профилактик ва амалий ишлари самараси. Аслида эндокринологлар, онкологлар ва бошқа ихтисослик эгаларининг ҳамжиҳатликдаги фаолияти натижаси ўлароқ юзлаб юртдошларимизни соғломлаштириш, келгусида юзага чиқиши мумкин бўлган ўнлаб касалликларни эрта аниқлаш, одамларни соғлом ҳаётга чорлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар пировардида саломатлик кўрсаткичлари яхшиланиб бораётганлиги хайрли ташаббуснинг ижобий натижасидир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.