Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида "ANDROLOGIYA-N" тиббиёт марказининг очилиши вилоят хусусий тиббиётидаги яна бир олға қўйилган қадам бўлди, десак асло муболаға эмас. Чунки, бу йўналиш вилоятдагина эмас, водийда ҳам янги, ҳали тараққиёт босқичига кўтарилмай келаётган эди. Наманганда андрология соҳасига алоҳида эътибор қаратган мутахассис, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматов саналади. Унинг ҳозиргача вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида урология ва ўсмирлар гинекологияси бўлими мудири сифатида фаол иш олиб бораётганидан хабаримиз бор, албатта. Айни маҳалда вилоят тиббиётида андрология йўналишини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни кўнглига тугиб юргани ҳам сир эмасди бизларга. Ҳатто бундан бир йил аввал қурилиши бошланган мазкур бинони кўрсатиб, "Шу ер тез орада хусусий тиббиёт марказига айланади" дея эзгу ниятини ошкорлаганди. Ниҳоят шифокор орзуси ушалди.
21 сентябрь эрталабдан "Порлоқ" маҳалласидаги беш қаватли муҳташам ва маҳобатли бино байрамона безатилди. Ҳовлиси узоқ-яқиндан келган меҳмонлар билан гавжумлашди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлиги вакилларигача тантанада ҳозир бўлишди. Дастлабки сўз вилоят ҳокими ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаевга берилди.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамиша тиббиёт ва тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар, – дея сўз бошлади у зўр мамнуният билан. – Шунинг учун тиббиётда давлат сектори билан бирга хусусий сектор теппа-тенг ривожланмоқда. Жумладан, бундан беш йил аввал Наманган вилоятида 275 та хусусий даволаш-диагностика муассасаси фаолият юритган бўлса, ҳозирда улар сони 482 тага этди. Жорий йилнинг ўтган даврида яна 20 та очилди. 31 та хусусий клиника ўз тармоғини кенгайтириб, янгидан-янги тиббий аппарат ва асбоб-ускуналар олиб келиб, беморларга хизмат кўрсатишни янада яхшилаяпти. Энг муҳими, тиббиётчилар аҳоли орасига кириб боришяпти. Даволаш ишларини тобора халққа яқинлаштиришяпти. Ҳозирда хориждаги жарроҳлик амалиётларини Ўзбекистонимизда, пойтахт Тошкентдагиси вилоятимизда, вилоятимиздаги туманларда ўтказилаётгани истиқлол йиллари ислоҳотларимизнинг қувончли шарофатидир. Бугунги янги клиника халқимиз соғлиғини сақлашда, андрология йўналишини йўлга қўйишда ўзига хос ўринга эга бўлишига ишончимиз комил.
Даволаш жараёнларининг муваффақияти кадрлар билими ва малакасига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Пойтахт Тошкентдан тақдимот маросимига ташриф буюрган Республикага таниқли педиатр, уролог-жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори Жуманазар Бекназаров шу ҳақда тўлқинланиб гапирди.
– Тошкентдек шаҳри азимдан келиб, мана бу тиббиёт марказини кўриб кўзим яшнаб кетди, – деди олим-шифокор ички ҳайратини яширолмай. – Пойтахтдаям шундай клиникалар саноқли, холос. Тадбиркорларнинг бу қадар маҳобатли шифо масканини қуриб, жиҳозлаб, унинг эшикларини халққа очиб қўяётгани олқишларга сазовор. Шифокорларнинг қувончи эса ниҳоятта чексиз. Чунки, врачу ҳамшираларнинг иш жойи чиройли, саранжому саришта, янги асбоб-ускуналарию, аппаратлари муҳайё бўлса, уларнинг даволаш ишлари тезда самара беради, хизматидан халқ хурсандлик туяди.
Ёдгормирзани мен талантли шифокор сифатида яхши танийман. Билиб қўйганларингиз маъқул, унинг урологик жарроҳлик бобидаги ихтиросидан АҚШ, Англия, Голландия, Польша ва Германияда фойдаланишмоқда. Клиника раҳбари ҳали бу ерда шундай ишларни амалга оширадики, ёнида кўплаб шогирдлари қимматли тажрибасини ўрганади, фан номзодлари бўлишади. Келажакда ўз соҳаси бўйича водийнинг обрўсини оширадиган катта илмий масканга ҳам айланишига ишончим комил.
Домла бундай гапларни бежиз айтмади. Ахир Ёдгормирза Нурматов устознинг энг суюкли, энг изланувчан ва энг уддабурон шогирдлари қаторида туради. Ҳатто биз билан суҳбатда: "Шогирд устоздан ўзиб кетиши керак" деган фикрни самимий равишда таъкидлаб ўтди. Устоздан "Оқ фотиҳа" олган шогирдга ҳаётда ҳамиша омад ёр бўлганига кўп бор шоҳидмиз. Шу боис, домланинг башоратлари ҳаётий ҳақиқат касб этишига биз ҳам умидвормиз.
Марказ биносининг лентаси тантанали суратда қирқилгач, меҳмонлар остона ҳатлаб ичкарига ўтишди. Янги давогоҳда яратилган шароитлару қулайликларни кўздан кечиришди. Чиндан ҳам нажот кошонаси бўлибди бу янги клиника.
– Кейинги йилларда тадбиркорлар билан врачларнинг шериклиги мустаҳкамланиб бормоқда,-дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг лицензиялаш, акредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Толибжон Ваҳобов. – Мазкур марказни бунёд этишга тадбиркор ва шифокор ҳисобидан 20 миллиард, бундан ташқари 10 миллиард сўм кредит маблағи сарфланганининг ўзиёқ бу маскан катта клиника эканидан, жаҳон андозалари даражасида шароитлар яратилганидан далолат беради. 100 ўринли марказда педиатрия, гинекология, урология, неврология, кардиология бўлимлари мавжуд. Рентген, УЗИгача бор. Лапароскопик хирургия учун қулайликлар муҳайё. Келгусида ЭКО текширувигача йўлга қўйилади.
Дарҳақиқат, хусусий сектор тараққиёти тобора тезлашмоқда. Давлат сектори билан ижобий рақобатда ортда қолмаяпти, ҳатто илгарилаб кетаётган томонлари, айниқса, қувончли. Бу инсон манфаатларига хизмат қилувчи хусусий муассасаларнинг ёрқин камолотидан нишона. Бир факт: ҳозир вилоятдаги хусусий даволаш-диагностика муассасаларида 6076 та бемор ўрни бор. Уларда 4533 нафар ходим фаолият юритмоқда.
Содиқ САЙҲУН.