Фан-техника ютуқларини аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қўллаш ҳам ижобий натижалар бермоқда. Яқинда вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида беморларни соғломлаштиришнинг яна бир усули татбиқ этилди. Энди мустақил ҳаракатлана олмайдиган, неврологик касалликка дучор бўлганларни оёққа турғазишда роботлаштирилган реабилитация мажмуасидан фойдаланилмоқда.
"Экзосклет E-Helper" номланувчи мазкур мажмуанинг қиймати 286 миллион 443 минг сўм бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан харид қилинди. Айни пайтда роботлаштирилган мажмуа воситасида инсультдан кейинги ҳолатлар, орқа мия шикастлари, оёқ фалажи ва бошқа асоратларни бошидан ўтказаётган 10 нафар бемор соғлиғини тикламоқда.
Маълумот ўрнида: 2019 йилда марказ 3 миллиард 194 миллион сўмдан ортиқ грант малағлари ҳисобига 31 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган эди. 60 ўринли муассасада асосан ногиронлиги бўлган шахслар ва вояга етмаган ногиронлиги бор болалар реабилитация жараёнларини ўтайдилар. Ҳар йили 1200 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар соғломлаштирилади.
Севара ҒОЗИЕВА.