Мамлакатимизда истиқлол даври ислоҳотлари туфайли она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада вилоят перинатал маркази жамоаси олиб бораётган кенг қамровли тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар туманларга навбатма-навбат чиқишиб, қуйи бўғинларда хизмат қилаётган ҳамкасбларига фаол амалий ёрдамлар беришмоқда. Ўтган ҳафтада Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига ташриф амалга оширилди. Марказ раҳбари Ирода Муҳиддинова ва унинг гуруҳидаги юқори малакали ходимлари даставвал туғруқ комплексига қадам қўйишди. Чароғон, бир-биридан шинам хоналар ва заллар, энг замонавий тиббий аппарат ва ускуналар акушер-гинекологлар тасарруфига бериб қўйилганидан жуда хурсанд бўлишди. Ҳамкасблари билан ёнма-ён туришиб, даволанаётган, чақалоғи дунёга келишини кутаётган ҳомиладор аёллар ҳолидан хабардорлик баробарида скрининг текширувлари ва бош­қа тиббий кўрик талабларини бажаришга сидқидилдан киришишди. ҲАП бўлимида ётган аёлларга қимматли маслаҳат ҳамда тавсиялар беришни бошлаб юборишди. Кун давомида неча-неча ҳомиладорларнинг узоғи яқин, мушкули осон қилинди, десак ҳам асло янглишмаймиз.

Туғруқхона раҳбари Раънохон Шокированинг айтишича, туманда 59 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар яшайди. Жорий йилнинг саккиз ойида 4830 нафар ҳомиладорлар ҳисобда турган. Бу ўтган 2021 йилнинг шу давридагига нисбатан 722 нафарга кўпдир. Албатта, улар туғруғи муваффақиятини таъминлашга олдиндан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Натижада 2021 йил саккиз ойида 4023 нафар чақалоқ ёруғ дунё юзини кўрган бўлса, 2022 йилда шу даврда 4427 нафарга етди. Яъни 404 нафар кўп бола туғруғига раҳнамолик қилинди.

Туманимизга вилоят перинатал марказидан боғланган Раънохон Мўминова бугун ўзлари каби моҳир акушер-гинекологлар билан скрининг текширувлари ўтказдилар, – дея мамнуният билан таъкидлайди, Тўрақўрғон туғруқ комплекси раҳбари Раънохон Шокирова. – Айниқса, экстрагенитал касалликлари бўлган ҳомиладор аёлларнинг тиббий кўриги ғоят самарали кечди. Шундай ҳомиладорлар йил бошидан 50 нафардан зиёдни ташкил этган бўлса, бугунги тиббий-кузатув сараловидан сўнг улар 19 нафарга камайганлиги анча қувончли. Бу – саралаш жараёнида танасида яққол ижобий жараёнлар кечаётгани аниқланганлар шу ернинг ўзида туғруққа ётқизилади, деганидир.

Вилоят перинатал маркази раҳбари, таниқли, моҳир акушер-гениколог Ирода Муҳиддинова туғруғида мураккаблик ва муаммо мавжуд оз сонли ҳомиладорларга яна зарур тавсиялар бериб, кўнгилларини хотиржам торттирди. Унинг тушунтиришича, экстрагенитал, яъни юрак, буйрак, жигар ва бошқа аъзоларида касалликлари бўлган ҳомиладорлар алоҳида назоратда туришади. Уларнинг рўйхати туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхонаси томонидан компьютерга киритилган. Чақалоқнинг ой-куни етганида тўғридан-тўғри вилоят перинатал марказига боришаверади. Қабулхонада ўзларини таништиришлари билан олдиндан киритилган тайёр маълумотга кўз югуртирилса, рўйхатда турган бўлса, бас... Мақсадимиз она ва бола ҳаётини мураккаб ҳолатларда ҳам тўла сақлаб қолишга эришишдан иборат.

Биз ҳомиладор аёлларни суҳбатга чорлаганимизда ҳар бирлари ўзларига кўрсатилаётган ғамхўрликлардан ғоят миннатдор эканликларини изҳорлашди:

Она ва болага бу қадар катта эътибор кўрсатилаётганидан ҳамиша хурсандмиз, – дейди кўтаринки руҳда туғиш кунлари яқинлашаётган Райҳона Қўзиева. – Тўғриси, икки марта чақалоғимни кесиб олишган, ҳеч қандай асорат ёки кўнгилсизлик рўй бермаган. Ҳозир учинчисини кут­япман. Текширувда соғлиғим анча яхшилангани маълум бўлди. Вилоят перинатал марказига боришимизга ҳожат йўқлигини билиб жуда қувондим. Тўрақўрғон туғруқхонасига вилоят акушер-гинекологлари ҳам келиши ўзлари туғруқ олди текширувларини беминнат ўтказганликлари айни муддао бўлди.

Марказдан ташриф буюрганларнинг қадамлари бир қатор оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ҳам етди. Жумладан, Гулқишлоқ ОШПда ҳомиладору туғиш ёшидаги аёллар билан ғоят фойдали тиббий гурунг ташкилланди.

Ҳамқишлоқларимиз вилоят мутахассислари ташрифидан жуда қувондилар, – дейди муассаса мудири Ҳамиджон Набиев. – Ихтисослашган врачлар ўтказган суҳбатларининг барчага фойдаси катта бўлди. Айниқса, соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш талабларини чуқур тушуниб олишди. Кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди. Оналар ва болалар саломатлиги доимий давлат муҳофазасида эканини ҳаммалари янада теранроқ англаб етишди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари в. б. Василахон Тожибоева ҳамда вилоят перинатал маркази директори Ирода Муҳиддиноваларга катта раҳматлар айтсак арзийди.

Бир кунлик амалий ёрдам, туғиш ёшидаги аёллар ва ҳомиладорлар билан мулоқотлар, албатта, ўз самарасини кўрсатади. "Соғлом она – соғлом бола" тамойили тиббиётчиларни тобора фаол ишлашга ундайверади.

Содиқ САЙҲУН.