Ўрта тиббиёт ходимлари, яъни ҳамшира ва фельд­шерлар врачларнинг фаол ёрдамчилари ҳисобланишади. Улар қанча юқори малакага эга бўлишса, даволаш жараёнларини шунча муваффақиятли олиб боришади. Шу боис, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш, уларни ихтисослаштириш маркази Наманган филиалининг педагогик жамоаси ўз зиммаларидаги масъулиятли вазифаларини яхши адо этиб келишмоқда.

- Тиббиёт кадрлари билим ва малакасини йилдан-йилга мукаммаллаштириб бориш масаласига кейинги пайтда айниқса катта эътибор қаратилмоқда, – дейди филиал директори Исломжон Ёқубжонов. – Ўтган йили 4390 нафар ўрта махсус маълумотли тиббиётчиларнинг малака-маҳоратини бойитган бўлсак, бу йил ундан-да кўп кўрсаткичга эришамиз. Чунки, икки қаватли янги муҳташам бинога эга бўлдик. Ҳозирда жиҳозлаш ишлари поёнига етказилмоқда. Ўқув ишлари бўйича ўринбосар Равшанали Бобораҳимов машғулотларни ҳамиша юқори савияда, юксак талабларга мувофиқ ўтказилишини таъминлаш учун ўқитувчиларга нисбатан талабчанлик муҳитини яратган. Турдиали Азимов, Абдуваҳоб Қобилов, Насиба Акрамова ва Сирожиддин Турсунов каби фидойи касбдошларимиз шошилинч тиббий ёрдам, анес­тезиология-реаниматология, педиатрия ҳамда ҳамширалик иши бўйича ҳар бир дарсини замонавий технологияни қўллаган ҳолда ғоят самарали ўтишга интилишяпти.

Дарҳақиқат, тиббиётчилар устози, деган улуғ ва шарафли номга яраша астойдил изланаётган ўқитувчилардан сабоқ олаётган вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидан келганлар ҳамиша соҳа янгиликларини атрофлича ўрганишиб, даволаш малака-маҳоратларини керагича ошириб кетишмоқда.

Аҳил жамоа 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунини ана шундай муносиб кутиб олишмоқда.

Содиқ САЙҲУН.