Жонажон ватанимизда кезиб юрган байрам шукуҳи 5 сентябрь куни таълим муассасаларига ҳам ёйилди. Барча мактабларда янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали маросимлар бўлиб ўтди. Жумладан, Наманган шаҳридаги 25-мактабдаги "Биринчи қўнғироқ" шодиёнаси ҳаммада катта таассурот қолдирди.
Билим маскани ҳовлиси эрталабданоқ ўқитувчи-ю ўқувчилар, ота-оналар, жамоатчилик вакиллари билан гавжумлашди. Тантана аввалида давлатимиз мадҳияси янгради, барча дилда фахру ифтихор билан уни куйлади.
Тадбирни мактаб директори Олияхон Тўйчиева очар экан, ҳаммани қутлуғ шодиёна билан муборакбод этди. У кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантиришга эътибор кучайганини таъкидлар экан, буни мактаб мисолида изоҳлади. Янги ўқув йили олдидан бинолар мукаммал таъмирдан чиқарилди. Педагогик жамоа ёшларга чуқур таълим ва тарбия беришга астойдил интилиб келмоқда. Ўтган ўқув йилида 20 нафар битирувчи олий ўқув юртларига қабул қилингани ғоят қувонарли. Жорий йилда янада юксак мақсадлар кўзланаётир.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов мактаб ва тиббиёт муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш хусусида гапирди. Соғлом турмуш тарзи тарғиботи муҳимлигига эътиборни қаратди. Ёшларни шифокорлик касбини танлашга, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари бўлиб етишишга ундади, сўнгра мактаб ўқувчиларига бадиий адабиётлар тўпламини туҳфа этди.
Маросимда биринчи синфга қабул қилинган ўқувчиларга Президент совғалари тарқатилди. Эътибору эъзоздан қувнаган келажагимиз ворислари Ватан, мустақиллик ҳақида шеърлар ўқишди. Қўшиқлар қўшиқларга уланди.
Шодиёна ниҳоясида биринчи қўнғироқ садолари янгради. Ҳамма синфларга ошиқди. Илк машғулотлар мустақиллик дарслари бўлди. Унда Истиқлол шарофати билан 31 йил мобайнида Ўзбекистонда рўй берган буюк ўзгаришлар ҳақида сўз борди.
Жамоатчилик вакиллари ва меҳмонлар биринчи синфлардаги машғулотларни кузатдилар. Ўғил-қизларга чуқур билим олиб, Ватанга содиқ фарзандлар бўлиб улғайиш ҳақида маслаҳатлар бердилар.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи шу ернинг ўзида аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Оилада тиббий маданиятни юксалтириш, фарзандлар саломатлиги ҳақида қайғуриш, уларни комил инсон сифатида камолотга етказиш мароқли мулоқот мазмунига айланди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.