Вилоятимизда тиббиётни аҳолига яқинлаштириш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва малакасини ошириш мақсадида турли услублар фаолиятга жорий этилмоқда. Йил бошидан ҳафтанинг маълум куни вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг етакчи шифокор ва мутахассислари қайсидир ҳудудда жамланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиши амалиёти татбиқ этилган эди.
Сентябрдан эса яна бир янгиликка қўл урилди. Энди вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг сайёр гуруҳлари жадвал асосида шанба куни шаҳар ва туманларга сафарбар этилади.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 10 нафар тор соҳа мутахассислари 10 сентябрь куни Наманган тумани аҳолиси ҳузурига боришди. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида кечган чуқурлаштирилган тиббий кўрик чоғида соғлиғида муаммоси бор кишилар окулист, невролог, жарроҳ, педиатр, травматолог, аллерголог, нейрожарроҳ, кардиожарроҳ, кардиолог ва ЛОР шифокорлари қабулида бўлдилар.
- Вакилларимиз кун давомида 209 нафар келажагимиз ворисларининг саломатлигини текширувдан ўтказишди. Турли касалликкка чалинган 57 нафар болани соғломлаштириш жараёнлари тиббиёт марказимизда давом эттириладиган бўлди. 13 нафар дардли ўғил-қиз республика даражасидаги тиббиёт марказларига йўналтирилди. 114 нафар кичик беморга амбулатор даво буюрилди. 10 ёшли Оғабек Олимовни безовта қилаётган хасталикка шу куниёқ нуқта қўйилди. Унда туман шифокорлари билан "Чап курак суяги остеомаси" ташхиси асосида жарроҳлик амалиёти бажарилди,- дейди бош шифокор Абдумалик Раҳмонов.
Мазкур тиббий тадбирлар чоғида ультратовуш текширувлари ва қон таҳлиллари ҳам олиб борилаётганлиги туфайли турли касалликларни барвақт аниқлашга муваффақ бўлинмоқда. Тиббий хизмат самарадорлигини оширишга қаратилган янгича ёндашувлар боис аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари тобора яхшиланмоқда.