Кимки ватани, халқига сидқидилдан хизмат қилса, эзгу мақсад билан тинмай интилса ва касбига садоқатини муттасил намоён этса, албатта, эл орасида катта обрў-эътибор қозонади, юксак эътирофларга мушарраф бўлади. Наманган тумани 12-оилавий поликлиникасининг 3-тиббий бригадаси ҳамшираси Гавҳархон Раҳмонованинг самарали фаолияти бунга ёрқин мисолдир.
Истиқлолнинг 31 йиллик байрами арафасида ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Президентимиз Фармонига кўра давлат мукофотларига сазовор бўлганлар орасида Гавҳархон Раҳмонованинг номи ҳам қайд этилди. "Соғлом турмуш" медалига муносиб кўрилди.
Хушхабар бир зумда мамлакатга ёйилди. Шу муносабат билан Ҳуррият айёми мазкур бирламчи тиббиёт маскани жамоаси учун қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Маросимда сўз олган туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи в.б. Дилмурод Қодиров, мазкур поликлиника мудири Нодира Юрданидзе ва лаборант Муяссар Яҳёевалар давлат мукофоти соҳибасини чин дилдан муборакбод этдилар.
Унинг фаоллиги, меҳнатсеварлиги, фидойилиги мамнуният билан қайта-қайта эътироф этилди. Эътибору эъзоздан ҳаёжонланган Гавҳархоннинг кўзларида севинч ёшлари қалқиди. Қанчалар қувончли, фахрли ва ибратли ҳолат! Саломатлик посбонларининг барчаси шу лаҳзаларда унга ич-ичларидан ҳавас қилишган бўлишса ажаб эмас.
Дили фахру ифтихорга тўлган Гавҳархоннинг хаёли беихтиёр ёшлик даврига етаклади. Кўз ўнгидан болалик кезлари бирин-кетин ўта бошлади. Ўттиз йил аввал эгнига оқ халат кийгани-ю, отасидек тиббиёт ходими бўлиб, одамларнинг дардига дармон истаб, эл дуосини олишга бел боғлаган чоғларини эслаб, кўнглини мунавварлик чулғади.
Падари бузруквори Абдулазиз ака қишлоқ шифокорлик пункти мудири сифатида худудда тиббий хизматни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган врач эди. У фарзандининг ўз изидан бораётганини кўриб, ўша чоғлар ғоят қувонган. Одамларга чин дилдан хизмат қилиш, беморларни дарддан халос этиш учун асло тиним билмаслик, хушмуомалалик каби хислатлар ҳамиша зарурлиги ҳақида уқтиргани-уқтирганди.
Бугун ота издоши ана шу панду насиҳатларга амал қилиб, асло кам бўлмаганини ҳис этиб турибди. «Намуна» маҳалласидаги каттаю-кичикнинг саломатлиги ҳақида кечаю кундуз қайғургани-қайғурган. Минг нафарга яқин аҳолининг саломатлиги учун ўзини масъул, деб билади. Чақалоқлар ва болалар, туғиш ёшидаги аёллару ҳомиладорлар, ёши улуғ инсонлару ногиронлиги бўлган шахслар исми-шарифини ёд билади. Патронаж ҳамшираси сифатида ҳар бир хонадонда яшовчиларнинг соғлиғини назоратга олган. Кимнинг ҳолати қандайлиги Гавҳархонга ойдек равшан.
Бирламчи тизим ишини янги босқичга кўтариш асносида тиббий бригадалар тузилгани фаолият самарадорлигини оширишда бағоят қўл келмоқда. Натижада аҳолига ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш даражаси юксалмоқда. Айниқса, маҳалла аҳлини скрининг текширувларидан ўтказиш тизимли олиб борилмоқда. Мудира Нодира Юрданидзе раҳбарлигидаги бригаданинг Гавҳархон,шунингдек, Муҳайё Асқарова, Соҳиба Акрамова, Комила Турсунова каби ўрта тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракати билан ҳудудда саломатлик кўрсаткичлари тобора яхшиланмоқда.
- Гавҳархон нафақат тиббий бригадага, балки оилавий поликлиникамиз жамоасига ўзининг ташаббускорлиги, талабчанлиги, интилувчанлиги ва меҳнатсеварлиги билан ибрат кўрсатмоқда. Ёш ходимларимиз Гавҳархондек бўлишга, унинг изидан бориб, бой тажрибасини ўрганишга ҳаракат қилишади, - дейди мудира.
Маҳаллада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш, юқумли касалликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган мулоқоту давра суҳбатлари жонкуяр ҳамшира фаолиятининг асосини ташкил этади. Касалликларни даволагандан кўра, уларнинг олдини олиш афзаллигини одамларга тушунтиришдан асло чарчамайди. "Спорт-саломатлик гарови", "Жисмоний фаолликнинг оддий усуллари", "Скрининг текширувларини биласизми?" ва бошқа мавзулардаги тавсиялари билан маҳалладошлар тиббий саводхонлигини ошириб бормоқда.
Дарҳақиқат, Гавҳархон Раҳмонова серқирра фаолияти билан бугунги кун патронаж ҳамшираси лаёқатини, маҳорату тажрибасини амалда намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. У мустақилликнинг илк йилида Наманган тиббиёт билим юртининг имтиёзли дипломини қўлига олганидан бери шу тиббиёт масканида эл хизматида.
Дарвоқе, ўттиз йил аввал отасини ҳавас қилиб, соғлиқни сақлаш ходими бўлган эди. Бугун катта қизи Ёқутхоннинг эгнида ҳам оқ халат. Эндиликда у онасининг издошига айланди. Шу оилавий поликлиника ҳамширасидир. Анъана давом этмоқда.
- Камтарона хизматларимга берилган юксак мукофот янада фаол бўлишга, халқимиз саломалигини сақлаш йўлида тинмай изланишга ундайди, - дейди Гавҳархон рағбат масъулиятини чуқур ҳис этиб.
Эл эътирофи - юксак шараф. Унга муносиблик эса тиббиётчидан янада қатъият, масъулият, ғайрат-шижоат билан, давр талабидан келиб чиққан ҳолда доимо астойдил интилишни талаб этади. Биз ҳам ота касбининг фаол давомчиси, саломатлик жонкуяри Гавҳархон Раҳмонованинг соғлом турмуш тарғиботчиси сифатида бундан-да юқори натижаларга эришишига тилакдошмиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.