Вилоятимизда ҳам давлат тиббий суғуртаси тизимига босқичма-босқич ўтиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Аввало, мавжуд тиббиёт муассасаларини янги тизим талабларига мослаштириш ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмалари бу жараёнга шай ҳолатга келтирилди. Оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида шифокор олди кўруви учун шароит яратилди. Кадрлар малакаси оширилди. Замонавий компьютерлар олиниб, Интернет тармоғига уланди. Айни пайтда вилоят шифохоналари имкониятларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
- Наманганда давлат тиббий суғуртаси тизимини йўлга қўйишда Сирдарё вилояти тажрибасидан кенг қўлланяпмиз, - дейди Жамғарманинг вилоятдаги бош мутахассиси Мухторжон Жўрабоев.
Вилоят тиббиёт марказларида давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан даволаш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази билан 850 миллион сўмлик шартнома имзоланган. Ҳозирга қадар 13 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Яна 17 нафар бемор яқин орада дарддан халос этилади. Вилоят болалар тиббиёт марказида эса 50 нафардан зиёд келажагимиз ворислари соғломлаштирилди.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали билан имзоланган шартнома миқдори ортиб боряпти. Йил бошидан бери бу даргоҳда 68 нафар бемор даволанди. Келгусида 100 нафар хастаҳолни соғлом ҳаётга қайтириш учун яна 1 миллиард 310 миллион сўмлик шартнома тузилди.
Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатувчи нодавлат тиббиёт ташкилотлари ичидан "DOKTOR VISION" ҳамда "DOKTOR A" масъулияти чекланган жамиятлари танлаб олинди. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси улар билан ҳам шартнома имзолади.
Севара ҒОЗИЕВА.