Янгиқўрғон туманидаги тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими томонидан олиб борилаётган ибратли ишлар самарадорлиги билан халқимизга жуда манзур бўлмоқда.

Маълумотларга қараганда, туманда рўйхатга олинган 161 нафар якка-ёлғиз фуқароларга бўлимнинг Нодира Юлдашева, Азиза Абдураҳмонова, Рўзихон Абдупаттаева, Гулмира Абдуллаева каби ширинсўз ва малакали 18 нафар ижтимоий ходимлари беминнат хизмат кўрсатадилар. Улар тасарруфларидаги фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур саноат моллари, дори-дармон сотиб олиш ва етказиб бериш, овқатлар тайёрлаш, уйларини йиғиштириш-тозалаш ва гигиена ишларини бажаришда ҳафтасига икки кун кўмак берадилар.

- Дарҳақиқат шундай, - дейди туман тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими раҳбари Азиза Мадраҳимова, - ёлғизларнинг кемтик ва ўксик қалбларини тўлдириш, яшаш завқини ошириш, саломатликларини тиклаш орқали умрларини узайтириш бўлимимиз олдида турган муҳим вазифадир. Шунингдек, ҳомийлар ва саховатли инсонларнинг кўплиги бизни қувонтиради, албатта. "Мурод шифо", йўл қурилиши, электр тармоқлари каби кўплаб ташкилотлар раҳбарлари ва ўнлаб саховатли юрт­дошларимиз ўз маблағлари ёки маҳсулотлари билан сидқидил ёрдам бериб келмоқдалар. Йил бошидан буён кекса, пенсионер ва ногиронларга 13 миллион сўмлик озиқ-овқат, ҳасса, қўлтиқтаёқ, эшитув мосламаси ва сон протези каби ўнлаб реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари ҳамда 52 дона ногиронлик аравачасининг етказиб берилишида уларнинг ҳиссаси беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим.

Бу борада туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳам қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ. Улар ҳомийлар билан ҳамкорликда заркентлик Солия Қурбонова, нурафшонлик иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Малика Ҳайдароваларга уй қуриб беришган бўлсалар, айни кунда бегободлик Орзихон Юлдашеванинг яшаш жойини тиклашга бош-қош бўлишмоқда.

"Касални даволашдан кўра олдини олган маъқул", деган ақидага амал қилган "Нуронийлар" жамғармаси туман кенгаши якка-ёлғиз фуқароларнинг саломатлигини тиклаш учун "Боғи шамол" сиҳатгоҳига бир ойда навбати билан 12 та йўлланма бермоқда. Жорий йилнинг баҳорида эса 35 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимиз Самарқанд ва Бухорога саё­ҳатга юборилди. Наврўз байрамида эса 15 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, ёлғизлар ҳолидан хабар олинди. Айниқса, мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёнаси янгиқўрғонлик ёлғизларнинг хонадонларига ҳам кириб борди. Чунки, байрам кунлари эҳтиёжмандларга 14 дона ҳасса, 19 дона эшитув мосламаси, 20 дона қўлтиқтаёқ, 6 дона махсус ва 9 дона тирсакли ҳассалар берилди. Шунингдек, 20 та ногиронлик, жумладан 5 та пультлик аравача ўз эгаларига тортиқ қилинди.

Қамбар ҲАЙДАР.

Янгиқўрғон тумани.