дейди суҳбатдошимиз - Тўрақўрғон туман тиббиёт

бирлашмаси муҳандиси Нурмуҳаммад Жамолов

 

Истиқлол ислоҳотлари қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик соҳасида катта ҳажмдаги ишларни тезу сифатли амалга ошириш имконини берди. Бугунги мулоқотимиз мавзуи худди шу ҳақда.

 

- Нурмуҳаммад Турсунович, кейинги йилларда туманда қатор-қатор тиббий муассасалар қад ростлади, таъмирталаб бинолар замонавий қиёфага киритилди. Бир-биридан муҳташам ва маҳобатли бинолар кўнгилларга файзу шукуҳ бағишлайди. Айниқса, шифокорлару беморларга яратилган қулайликларга гап йўқ. Тўрақўрғон шаҳри марказидан тортиб, қишлоғу маҳалла гузарлари кўркига кўрк қўшиб юбормоқда булар. Истиқлол ислоҳотлари шарофати ҳақида мулоқот қилмоқнинг ўзи жуда мароқли бўлса керак?

- Тўғри айтасиз. Вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бунёдкорликка эътибор кучли-ю, лекин биздагисининг кўламиям кенг, сифатиям юқори, дейишга тўла ҳақлимиз. Аслида бу ишларга Давлат инвестиция дас­тури асосида 2016 йилдан жадал киришилган эди. Марказий шифохонамизнинг 95 ўринли терапия бўлими биносининг мукаммал таъмири бошланганди. 2018 йилда кўп тармоқли марказий поликлиника учун етарли маблағ йўналтирилди. 2019-2021 йиллари шошилинч тиббий ёрдам бўлими ва юқумли касалликлар шифохонаси реконструкциялари билан шуғулланилди. 2021-2022 йилларда эса 110 ўринли туғруқ комплекси инвес­тиция дастуридан ўрин олди.

Шунингдек, "Обод марказ" дас­турига мувофиқ "Тез тиббий ёрдам" ва патанатомия бинолари қурилди ҳамда эскиларига сайқал берилди. Натижада аҳолига тиббий ҳизмат кўрсатиш даражасини кескин кўтариш имкониятлари вужудга келди. Бугун ҳудудни эгаллаб турган маҳобатли биноларимиз ва кўркам ҳовлию, хиёбонларимиз ўзига хос тиббиёт шаҳарчаси манзарасини кашф этиб турибди.

- Тумандаги қайси ҳудудга бормайлик, у ерлардаги энг шинам ва чиройли биноларда тиббиётчилар фаолият юритишмоқда. Бошқача айтганда, чекка ва олис қишлоқ ёки маҳаллагача алоҳида эътиборда эканини сира инкор этолмаймиз. Аҳолидан эса врачу ҳамширалар хизматидан миннатдорлик сўзларини кўп эшитяпмиз. Нега шундай?

- Бунинг боиси жойлардаги муаммолар бирин-кетин ижобий ҳал қилиниб, эътирозлар кескин камайиб, эътирофлар кўпайиб бормоқда. Бирламчи бўғин муассасалари шароитлари йилдан-йилга яхшиланяпти, янги оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари очил­япти, улар сўнгги русумдаги тиббий аппарат ҳамда асбоб-ускуналар билан таъминланаяпти. Дори-дармонлар меъёрида етказиб берилмоқда. Давлат инвестиция дастури доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ишларининг изчиллиги туфайли шаҳардагидан қолишмайдиган шароитлар яратиб қўйилмоқда. Бундай эзгу мақсадларга зарур давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари вақтида ажратилаётгани айни муддао бўлаётир.

Сўнгги пайтда бир йўла бир неча қишлоқ ва маҳаллаларда қурилишу таъмирлашга зўр берилди. 26, 28, 29-оилавий поликлиника, "Бордимкўл" ва "Соҳибкор" маҳаллаларида қайтадан очилган оилавий шифокорлик пунктларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари тиббий хизмат даражасини юксак талаблар даражасида ташкиллашга олиб келмоқда.

Ҳозирда 27, 30-оилавий поликлиникалар, Хўжанд оилавий шифокорлик пункти биноларидаги реконструкция якунланиб, улар тақдимоти халқимизни беҳад хурсанд қилди. Биз қурилиш ташкилотлари жамоаларига ҳалол ва фаол меҳнатлари учун чин дилдан раҳматлар айтамиз.

- Ана энди ёруғ, шинам бинолардаги тўкис шароитларда мазза қилиб ишлайдиган пайт келибди-да!

- Албатта, давлатимиз раҳбарининг беқиёс ғамхўрликларига жавобан тиббиёт ходимлари аҳолига фақат намунали хизмат кўрсатишга бурчлидирлар. Мақсад - Янги Ўзбекистон халқининг соғлиғини кўз қорачиғидай сақлаш, соғлом турмуш тарзини аҳоли ўртасида тўла шакллантиришдан иборатдир.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.