Тиббиёт ходими деганда азалдан халқимиз оппоқ халат ва қалпоғи ўзига ярашган, кўзларидан меҳр, тилларидан мулойим сўзлар ёғилиб турадиган инсонларни тасаввур этади. Бу касб эгаларига ўзига хос талаблар қўйилиши ҳам табиий. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5590-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги "Давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 62-сон қарори асосида "Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ кодекси" ишлаб чиқилган. Кодекс Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 24 мартдаги 88-сон буйруғи билан тизимга тадбиқ этиб келинмоқда.
Кодекснинг 3-бобида қайд қилинганидек "Тиббиёт ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширади:
- қонунийлик;
- фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
- ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидойилик;
- давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;
- адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
- манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик;
- тиббиёт фанининг амалиёт билан бирлиги;
- соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши;
- профилактика чора-тадбирларининг устуворлиги.
Биз яхши биламизки, ҳамширалар врачларнинг фаол ёрдамчилари ҳисобланишади. Чунки, дори-дармон билан олиб бориладиган муолажалар деярли улар томонидан амалга оширилади. Янаям аниқроғи, бемор билан врачдан кўраям ҳамшира кўпроқ муносабатда бўлади. Керак бўлса, ёнида туради, тунларни бедор ўтказади. Шунинг учун тиббиёт муассасаларида улар асосий фигура сифатида кўпгина жараёнларга масъул ва жавобгар саналадилар. Беморлар уларнинг меҳри, кўмаги, муолажаси ортидан дарддан фориғ бўлишади, оёққа туришади, энг аввало, шуларга олқишлар ёғдиришади. Албатта, ижобий фазилатлари учун, беминнат халоскорликлари учун. Ҳамшира хизматидан хурсанд бемор тез соғаяди, тиббиёт тизимидан, давлатдан розилик кайфиятини туяди. Дуоларга қўл очади.
Юқоридагилардан хулоса шуки, ҳамшира шаъни ва обрўси - ўша жамоа шаъни ва обрўси демакдир. Ҳар бир ходим шуни унутмаслиги шарт. Мен, сен, у - ҳамма бир ёқадан бош чиқариб беминнат хизматни аъло даражада ўринлатса, Янги Ўзбекистонимизда эл азиз, инсон азиз деган тамойилнинг амалдаги тантанаси таъминланаверади. Шуни назарда тутган ҳолда тиббиёт ходимларига, хусусан, ҳамшираларга ҳозирги талаблар, тартиб-қоидаларни яна бир бор эслатиб ўтиш зарур, албатта.
Дастлаб ташқи кўриниш масаласига тўхталсак:
Устки кийимлар - халат ёки тиббий махсус кийим оқ рангли (бўлимлар орасидаги бошқа ранглилари ички тартибда тасдиқланган бўлиши керак) табиий матодан, осон ва тез тозаланадиган қулай кийиладиган, тор бўлмаган, бичими ортиқча безаклардан холи, диққатни тортмайдиган, классик шаклда бўлиши муҳим.
Оқ халат ва унга мос бош кийим тоза ва махсус бўлиши, халат тиззадан пастда туриши, енги узун (фаслга қараб) классик услубда чет эл ва турли хил фирма ёрлиқларидан холи бўлиши лозим.
Сочларни ораста йиғиб, ўриб ёки турмаклаб, ортиқча аксесуарлар тақмасдан юриш керак.
Оёқ кийим юрганда ортиқча овоз чиқармайдиган, осон тозаланадиган (дезинфекция усулларидан фойдаланишга қулай) бўлиши зарур.
Тиббиёт ходимлари қўллари тоза, ортиқча зеб берилмаган, тирноқлар калта олинган ҳолатда фаолият олиб боришлари даркор.
Ҳамшира хушмуомала, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблар билан муносабатда сабр-тоқатли, мулойим муомалали бўлиши шарт. Улардан ўз фаолияти давомида ўзларига бевосита мурожаат қилган ҳар бир фуқарога нисбатан жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя қилиши (қўполликка йўл қўймаслиги) беморлар шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги қатъий равишда талаб этилади.
Одоб-ахлоқ кодексида манфаатлар тўқнашуви масаласига алоҳида 4-боб ажратилган. Шунга мувофиқ ҳолда иш юритиш белгиланган. Яъни тиббиёт ходимлари ўз фаолиятида манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари алоҳида таъкидланган. Чунки, манфаатлар тўқнашуви тиббиёт ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришларига таъсир кўрсатадиган, яъни таъсир кўрсатиш мумкин ҳолатларда юзага келади.
Тиббиёт ходими беморнинг жинси, ёши, ирқи, дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқиши, моддий таъминланганлиги, сиёсий қарашлари, жамиятдаги обрў-эътиборидан қатъий назар уларга сифатли, самарали ва хавфсиз тиббий ёрдам кўрсатиши шарт.
Мазкур кодексда тиббиёт ходими ва бемор муносабатларига тўла аниқлик киритиб ўтилган. 6-бобда ёзилганидек: тиббиёт ходими даволаш ва ташхис кўйиш жараёнини ташкил қилишда, жумладан, дори-дармон билан таъминлашда ўзи ва тиббиёт муассасасининг манфаатини устун қўймаган ҳолда юқори сифатли ёрдам кўрсатиши лозим. Беморнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, даволашда унинг шахсиятидаги барча хусусиятларни ҳисобга олиши ҳамда беморни ўз соғлиғига ғамхўрлик қилишга ундаши керак. Муҳими, тиббиёт ходими билан бемор ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ошкоралик тамойилларига асосланиши маъқул ва мақбул.
Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ кодексининг қабул қилишдан мақсад соҳа ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, тиббиёт муассаса раҳбар ва ходимларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Конституцияси, Қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилинишини мутахассислар руҳига синдиришни таъминлашдан иборатдир.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари! Касбий қасамёдингизни унутмасдан одоб-ахлоқ кодекси талабларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият юритиб, хизматингиздан халқ розилигига эришишга астойдил интилаверинг. Зеро, халқи соғлом юрт - қудратли бўлади, қудратли юртда тараққиёт тезлашади. Ҳаёт фаровонлигининг барқарору бардавомлиги ҳамиша сизнинг ҳалол ва фаол хизматингизга боғлиқдир.