Тиббиёт соҳасида шакллантирилган соғлом рақобат муҳити туфайли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлиги ҳамда қамрови ошиб бормоқда. Бинобарин, бундан беш йил аввал вилоятда 275 та хусусий тиббиёт муассасалари бор эди. Бугунги кунга келиб нодавлат тиббиёт масканлари сони 206 тага кўпайди ва 481 тага етди. Улардаги иш ўринлари сони ҳам икки баробар ортди ва 4,5 мингга яқин саломатлик посбони элга хизмат кўрсатмоқда.

Мазкур нодавлат тиббиёт муассасаларининг 300 таси амбулатор, 181 таси стационар шароитда фаолият олиб бормоқда. Натижада аҳолининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган шифохоналарига қатнови эндиликда 30-35 фоизга камайди.

Нодавлат секторнинг равнақи изчил давом этмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида эса яна 20 та янги хусусий шифохона очилди. 31 та клиника эса ўз фаолиятини кенгайтирди. Жумладан, Поп туманидаги 90 ўринли "DARMON SHIFO NUR" МЧЖ 2018 йилдан бери амбулатор ва стационар шароитда кардиология, неврология, эндокринология - диагностика, маслаҳат ва консерватив даволаш, физиотерапия, УТТ ҳамда клиник лаборатория диагностикаси ихтисосликлари бўйича халқимизга сифатли ва малакали хизмат кўрсатиб келаётган эди.

Шифохона таъсисчилари ташаббуси билан яна бир лойиҳа ниҳоясига етказилди. Янги қувватларни ишга солиш учун 20 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шундан 9 миллиарди банк кредитидир. Мустақиллик айёмининг 31 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган янги бино туфайли аввалги хизматлар қаторига гинекология ва хирургия ихтисосликлари қўшилиб, туманнинг ўзида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш йўлга қў­йилди. Даволаш ўринлари сони яна 50 тага кўпайди ва қўшимча 10 та янги иш ўринлари яратилди.

Фурқатжон ХОЛМИРЗАЕВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси.