Германия ҳукумати халқаро ҳамкорлик уюшмаси томонидан "Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларини юқори технологияли тиббий жиҳозлашни бошқариш" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа эксперти, доктор Анн Кристин Хазнер хоним иштирокида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида давра суҳбати ўтказилди.

Доктор Анн Кристин Хазнер хоним РШТЁИМ Наманган филиали ва вилоят перинатал марказида бўлиб, лойиҳа бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишган эди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги тадбир ана шу ташрифнинг узвий давоми бўлди. Унга вилоят ҳокимлиги, вилоят молия бош­қар­маси масъул ходимлари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, туманлар тиббиёт бирлашмалари бош ҳисобчилари таклиф этилди.

Мулоқот чоғида тиббиёт муассасаларидаги мавжуд тиббий жиҳозлар ва уларга кўрсатилаётган техник хизмат ҳолати, профилактик-техник кўриклар ҳамда таъмирлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Лойиҳага кўра замонавий тиббий асбоб-ускуналарни таъмирлаш ишлари учун малакали мутахассислар тайёрлаш, техник-муҳандислар тажрибасини ошириб бориш юзасидан фикр алмашилди.

Давра суҳбатида ВССБ бошлиғининг ўринбосари Алишер Нарзиев, лойиҳанинг маҳаллий координатори Дилафруз Ортиқовалар иштирок этди.