Келажаги буюк давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора ортиб бормоқда. Истиқлол даврида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар боис барча соҳаларда мислсиз ўзгаришларга эришилмоқда. Бинобарин, бугунги тиббиётимиз салоҳиятини ўттиз йил аввалги соғлиқни сақлаш тизими имкониятлари билан асло таққослаб бўлмайди.
Аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш даражаси айниқса кейинги йилларда муттасил ўсганлиги барчага аён. Уни янада тараққий эттириш эса энг устувор вазифалардан бирига айланган. Бу ўринда хориж тажрибасини ўрганиш ва уни барча бўғинларда жорий этиш доимий диққат марказимизда турибди.
Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумга кўра, биз ўзбекистонлик бир гуруҳ шифокорлар мазкур мамлакатда хизмат сафарида бўлдик. Пойтахт Анқара шаҳрида тиббий менежментлик бўйича малака ошириш курсида сабоқ олдик. Сафаримиз қисқа муддатга белгиланган бўлсада, икки ҳафта давомида Туркия тиббиёт тизими ва унинг ўрганса арзийдиган афзал жиҳатлари билан батафсил танишдик.
Дастлаб Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига расмий ташриф буюрилди. Вазирликнинг Халқаро алоқалар бўлими мудири, профессор Салом Қилич ва унинг ўринбосари Абдулла Асадбек билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича самарали иш олиб борилаётганлиги таъкидланди. Келгусида бу йўналишда ҳамкорликнинг янада ривожланишига катта ишонч билдирилди.
Туркия соғлиқни сақлаш тизимидаги диққатга лойиқ ислоҳотлар йигирма йил аввал бошланган экан. Муҳими, шу давр ичида соҳани муттасил тараққий эттиришга муваффақ бўлинибди. Тиббиётнинг қайси бир йўналишини олиб қараманг, фаолият натижадорлигини ошириш учун тизимли ишлар йўлга қўйилганлигини кўрасиз.
Анқара шаҳридаги шифохонага ташриф чоғида айниқса бой таассурот олдик. 4100 ўринли тиббиёт маркази 7 та блокдан иборат. Унда 18 минг нафар тиббиёт ходими ишлайди. Шифохона салоҳияти жиҳатидан дунёда учинчи, Европада эса биринчи ўринда турар экан. Шифохона замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Энг малакали шифокорлар жамоаси жамланган. Мукаммаллиги билан ҳайратланарли шундай улкан давогоҳ иш фаолиятининг ибратли томонларини қизиқиб ўргандик.
Сўнгра Туркия соғлиқни сақлаш тизими, вилоятлар, шаҳар ва туманлар даражасидаги бошқарувнинг тузилиши билан танишдик. Аҳоли саломатлигини сақлаш ҳамда тиббий хизмат тизимини молиялаштириш вазирликка ҳисобдор бўлмаган, Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Давлат суғурта компанияси томонидан олиб бориларкан. Шу боис ҳам ҳар бир врачу ҳамшира бемор олдида ўзининг юксак масъулиятини бирор лаҳза унутмасдан, юқори малакали муолажа учун бор билими ва тажрибасини ҳеч аямасдан сарфлашга одатланган. Ширинсуҳанлик ва хушмуомалаликка асосий мезон сифатида қатъий амал қилишни муқаддас бурч деб билади.
Туркияда ҳам бирламчи бўғин кадрларини ҳудди Ўзбекистондагидек асосан оила шифокорлари ташкил қиларкан. Уларнинг фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантириш бўйича Туркия модели бизга манзур тушди ва ўрганилди. Оила саломатлик марказлари ва оилавий тиббиёт бирлиги тузилмалари мавжуд. Ҳар бир оила шифокорларига 4 минг нафар аҳоли бириктирилган. Аҳоли ўзига хизмат кўрсатадиган оила шифокорини ўз ихтиёри билан белгилайди. Оила шифокори томонидан электрон тизим бўйича расмийлаштирилган йўлланмалар асосида шифохонадаги ташхислаш ва даволаш ишлари учун тўловлар Суғурта компанияси томонидан қоплаб берилади. Мутахассис қанча кўп беморга хизмат кўрсатса, шунча кўп ҳақ олади.
Тиббиётни рақамлаштириш ишлари юксак даражада эканлиги ҳам алоҳида эътирофга жоиз. Жумладан, фуқароларнинг ягона электрон маълумотларини юритиш амалда. Бу тизимга фуқаро туғилган куниданоқ киритилади. Кейин барча тиббий маълумотларни ўзида жамлайди. Албатта, электрон тизимга ҳам Давлат суғурта компанияси, дорихона ва бошқа шу каби тизимлар интеграция қилинган.
Жамоат саломатлигини сақлаш тиббиётнинг муҳим йўналишларидан биридир. Соғлом ҳаёт учун интилиш барчанинг амалий фаолиятига айланган. "Касалликка эмас, соғлиққа инвестиция қилиш" ғояси татбиқи учун изчил иш олиб борилади. Соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш ва бошқа саъй-ҳаракатлар баробарида саломатликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўрилади.
Ўқув курси давомида оналик ва болалик муҳофазаси, тиббий туризмни ташкиллаштириш механизмлари, тиббий аутсорсинг, тиббиёт муассасаларини бошқариш тажрибаси ва бошқа фойдали янгиликлардан ҳам воқиф бўлдик. Энди ҳамкор туркиялик ҳамкасбларимиздан ўрганганларимизни иш фаолиятимизда қўллаш, келгусида соҳа фаолиятини юқори босқичга кўтариш ҳаракати халқимиз соғлиғини барқарор сақлашимизда муҳим аҳамият касб этаверади.
Абдулҳоди ИМИНОВ,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.