Мустақиллигимиз таваллуд айёмининг 31 йиллиги арафасида кўнглимиз чоғлиги кўксимиз тоғлиғи билан эгизланиб турибди. Негаки, қаёққа қарамайлик, тараққиёт ва янгиланишларни кўряпмиз? Ёшу кекса ҳаракатда. Элу юртнинг кечасидан бугуни порлоқ, эртаси эса янада нурафшон бўлишига эришиш эзгу мақсаду муддаодир. Шунинг учун "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" шиори барчага бирдай аъло кайфият, кўтаринки руҳ, чексиз фахру ғурур бағишламоқда.
Маҳаллаларимизда ҳар куни янгилик: кимдир уй тўйи учун дастурхон ёзмоқда, кимдир қизини узатаяпти, ўғлини уйлантиряпти, кимдир енгил автомобиль соҳибига айланяпти. Ота-оналар мактабга болаларини тайёрлашяпти.Олий билим даргоҳларига муваффақиятли имтиҳонлар топшириб, юксак орзулари ушалишидан мамнун ва масрур ўғил-қизларнинг шодликлари бир олам. Илк бор қўлига диплом олиб, иш бошлаётган ўқитувчи, врач, муҳандис каби ёш мутахассисларнинг қутлуғ қадамидан меҳнат жамоалари хушнуд. Навқирон авлоднинг шаҳду шижоати ўзгача! Устозларга муносиб шогирдлик мақомига эришишига қодир эканликлари чуқур билимларига яраша мукаммал малакани ўзлаштиришга бўлган кучли иштиёқларида яққол намоён. Чунки бугун улар учун зарур шароитлару имкониятлар муҳайё. Боиси, истиқлол даври ислоҳотларидан барча жабҳаларда беқиёс ўзгаришлар юзага келган ва янада такомил топиб бормоқда. Фикримизнинг тасдиғи учун биргина тиббиёт соҳасида қўлга киритилган салмоқли ютуқларни тилга олишнинг ўзиёқ кифоя, деб ўйлаймиз.
Келинг, узоққа бормайлик, оиламиз даврасидан гапни бошлайлик: Мустақилликнинг илк йилларида мазкур тизимда ҳам муаммоларнинг кўплиги аҳоли ўртасида ҳақли эътирозларга сабаб бўлгани ҳам ҳозиргача эсимиздан чиққанича йўқ. Чунончи, бирортамиз қўққисдан касалланиб қолсак, "тез ёрдам"чиларга қўнғироқ қилсак ҳам тез ёрдам ололмасдик. Кечикиб келарди аксарият ҳоллари. Боиси, машиналари эскирган, ёқилғиси тақчил, боз устига йўлларимиз ўйдим-чуқур эди. Етиб келган тақдирдаям, биринчи муолажа учун энг керакли дори-дармонлар етарли эмасди. Тиббиётчига ҳам, беморга ҳам осон тутиб бўлмасди. Бугун-чи? Бутунлай бошқача манзара: "103"га хабар етказишингиз билан энг яқиндаги беминнат нажоткорлар бир неча дақиқада кўча эшигингиз олдида ҳозиру нозир бўлишади. "Damas"ни қўяверингу, ҳатто "Hyundai", "Nissan", "Toyota", "Volkswagen" каби дунёга энг машҳур русумдаги махсус тиббий машиналарда келишади. Дори-дармонлар таъминоти тўкис. Бемор оғир ҳолатда бўлса, машиналарнинг ўзидаёқ муолажа бошлаб юборилади.
Мутлақо янги тизим - шошилинч тиббий ёрдам хизматининг йўлга қўйилгани "тез ёрдам"чилардан кейинги бўғинга айланди. Вилоятда РШТЁИМнинг филиали, барча туманларда унинг бўлимлари ташкиллангани туфайли тезкор даволаш юқори даражага кўтарилиб бормоқда. Бу борада катта тажриба тўплангани туфайли, кези келганда қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан ҳам оғир беморлар нажот истаб келишаётгани ҳаётий ҳақиқатдир. Шошилинч муолажага масъул муассасалар жамоаларида энг билимдон, энг маҳоратли, энг тажрибали турли ихтисосликдаги мутахассислар фаолият олиб боришяпти. Хизматлар жаҳон андозалари даражасида, чиройли шароитларда энг сўнгги русумдаги тиббий аппаратлар, асбоб-ускуналардан фойдаланилган ҳолда бажарилаётган тиббий амалиётлар билан жуда оғир аҳволдаги беморларнинг ҳаётигача сақлаб қолинмоқда.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, маҳаллий тиббиётда ҳозиргача бундай тараққиёт таъминланмаган эди. Истиқлол ислоҳотлари шарофатидан хирургия, кардиология, онкология, эндокринология, нефрология, офтальмология, урология ва бошқа тармоқ ичидаги тармоқлар беқиёс ривожланиш босқичига ўтди, десак ҳам заррача муболаға эмас.
Янги Ўзбекистонга хослик маҳаллабай ишлаш йўналишида яққол намоён бўлмоқда. Бошқача айтганда, мамлакатимизнинг пойтахтдан олис шаҳар ва туманларида яшаётганларнинг илгариги вилоят марказлари ва Тошкентга бориб, тиббий кўрикдан ўтишлари ва даволанишлари бутунлай эски ҳолатга айланиб қолди. Энди бунинг тескариси жорий тизимли тартиб тусига киритилди. Яъни кейинги беш йил давомида Республиканинг ихтисослаштирилган тиббий илмий-амалий марказлари олим-шифокорларининг ўзларини вилоят-шаҳар-туман-маҳалла йўналиши бўйича қуйига хизмат сафарига юбориш анъана даражасини касб этди. Ва ниҳоят қатор-қатор марказларнинг филиаллари Наманганда очилди. Энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоят ва туман марказларидаги муассасаларнинг мутахассислари билан ҳамкорликда бажариляпти. Ҳайратомуз жиҳати, беморнинг танасига жароҳат етказилмасдан лапароскоп ва ангиограф аппаратлари билан, рентгенэндоваскуляр усулда операциялар бенуқсону сифатли уддаланмоқда. Кам таъминланган табақалар имтиёзли - бепул амалиётга олинмоқда. Касални "қаритиб юбориш"дек эски ҳолатларга бутунлай барҳам бериш ҳаракати тобора изчиллаштирилмоқда.
Эрта аниқлаш, эрта даволаш - беморларни соғайтиришнинг энг мақбул, энг муваффақиятли усули сифатида муҳим аҳамиятга эгалиги бугунги юқори натижадорликда ифодаланиб турибди. Беморни маҳтал қилишга, сансоларликка сира ўрин йўқ. Инсон манфаати устувор, инсон қадри баланд экан, унинг соғу саломатлиги учун ғамхўрлик тиббиёт ходимларининг доимий ва биринчи галдаги шарафли вазифаси бўлиб қолмоқда. Бу эзгу ишлар, аввало, бирламчи тизимда - оилавий поликлиника, оилавий шифокорлик пункти токи бемор бутунлай соғайиб кетгунча давом эттирилаверади. Ҳеч ким, ҳеч қачон меҳр-эътибордан четда қолиши мумкин эмаслиги бирдан-бир етакчи тамойилдир.
Янги Ўзбекистоннинг тиббий тизимида хусусий секторнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб, хизмат кўрсатиш доираси кенгайиб бораётгани кўз ўнгимиздаги ислоҳотларнинг беқиёс шарофатидан, албатта. Яшириб нима қиламиз, шундай хусусий диагностика ва даволаш масканлари борки, улардаги шароитлар, аппаратлар, ҳатто мутахассислар давлат муассасаларида топилмаслиги соҳа ривожи жадаллашиб кетганлигидан ёрқин далолатдир. Бугунги бемор танлаш ҳуқуқига эга, бугунги шифокорда мижозлар ихлосини, меҳр-муҳаббатини, ишончини қозониш имконияти етарли. Ҳамма-ҳаммаси халқ манфаати учун, халқ саломатлигини сақлаш учун, жамият аъзолари хузур-ҳаловат билан яшашларини таъминлаш учун.
Демак, мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллигини соғлом халқнинг куч-қудратли Янги Ўзбекистонни бунёд этишдаги фаол ҳаракати авж паллага чиққан бир даврда нишонламоқдамиз. Тараққиёт стратегиясидаги вазифаларни тўла-тўкис бажариш учун муносиб ҳиссамизни қўшишга ҳар биримиз кеча-кундуз масъулмиз.
Содиқ САЙҲУН.