Онкогематология

Мамлакатимизда аҳоли, хусусан, гўдаклар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг баркамолу соғлом авлод бўлиб етишиши имконини берадиган соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, миллий генофондни ҳар томонлама мустаҳкамлаб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Тармоқдаги кенг қамровли ислоҳотлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги, кўлами, сифати ва қулайлиги йил сайин ортиб боришига имкон яратмоқда.

Марказимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 майдаги "Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-5130-сонли қарори ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 30 ўринли онкогемотология бўлимида 3 нафар врач, 30 нафардан ортиқ ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари болаларга тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида икки нафар гематолог-врач Республика ихтисослаштирилган гематология илмий текшириш инс­титутида малака оширди. Болалар ўртасида онкогемотологик касалликларни замонавий усулларда ташхислаш ва даволашни йўлга қўйиш учун лаборатория бўлимимиз зарур асбоб-ускуналар ва реактивлар билан таъминланди.

Жумладан, онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича қон таҳлилларини сифатли ўтказиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 95 миллион сўм ажратилди ва марказга сўнгги русумдаги "LEICA DM 1000 Led" микроскопи келтирилди. У окуляр веб камера орқали компьютерга уланган. Бир вақтнинг ўзида препаратларни микроскопия жараёнидаги тасвирларини компьютер экрани орқали кузатиш ва керакли жойларни расмга олиш мумкин.

Аҳамиятлиси шундаки, бундай қурилмали микроскоп орқали кенгайтирилган умумий қон миелограмма таҳлилларини ўтказиш мумкин. Энг муҳими, таҳлилларнинг сифати яхшиланмоқда. Бугунги кунга қадар туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ўтказилган скрининг натижалари бўйича онкогематологик касалликка гумон қилинган тўрт нафар болада шу янги микроскоп орқали миелограмма таҳлиллари ҳамда эллик нафар болада кенгайтирилган умумий қон таҳлили ўтказилди.

Яқинда давлатимиз раҳбари ўтказган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқ ижроси бўйича болаларга кўрсатилаётган онкогематологик хизмат борасида амалга оширилаётган ишлар, беморларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда оғир онкогематологик касалликлар билан ҳисобда турган бемор болаларга марказлашган ҳолда берилаётган дори-дармонлар таъминоти ҳақида вилоят телевидениеси ор­қали чиқиш қилдик. Дастлабки ютуқлар ва галдаги вазифалар ҳақида фикр юритдик.

Бугунги кунда вилоят бўйича онкогематологик касалликларга чалинган болалар рўйхати шакллантирилди. Натижада олдимизда турган вазифаларга ойдинлик киритиб олдик. Вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармасига онкогематологик касалликларга чалинган бемор болалар даволанаётган шифохоналарга ташриф буюришга, уларнинг оилаларини тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш бўйича таклифларимизни ҳавола этдик.

Онкогематологик бўлимимиз Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ўртасида телемедицинани йўлга қўйиш мақсадида марказ ЮНИСЕФ кўмагида керакли аудиовизуал мосламалар, ВЕБ камералар, компьютер жамламалари билан жиҳозланган. Ҳамкорлик қизғин олиб борилмоқда. Мунтазам равишда бемор болаларни самарали ва сифатли даволаш учун телемедицина йўли орқали зарур тавсия ва маслаҳатлар олинади. Бу ишлар фаол давом эттирилади.

Абдумалик РАҲМОНОВ,

вилоят болалар кўп тармоқли

тиббиёт маркази бош шифокори.