Аввал хабар қилганимиздек, вилоятимиз тиббиёт муассасалари вакиллари Қораўзак тумани аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда маҳаллий шифокорларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишмоқда. Ҳозирга қадар туманда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкилланиб, аниқланган касалликларни бартараф этиш мақсадида қатор юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилган эди.

Кеча яна бир хайрли ишга қўл урилди. Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмасига қиймати бир миллиард сўмлик янги тиббиёт асбоб-ускуналари етказиб берилди. Истиқлолнинг ўттиз бир йиллиги байрами арафасида Наманган туҳфасини топшириш маросими катта тантанага айланиб кетди. Унда сўзга чиққан делегация раҳбари, Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ришталари ғоят мустаҳкамлиги, ўзаро ҳамкорлик ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда жуда ҳам ижобий самаралар бераётганлигини таъкидлади.

Икки юрт соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари иштирокида ўтган тадбирда замонавий наркоз аппарати, ультратовушли текшириш қурилмаси, лаборатория жиҳозлари, катта ва кичик хирургик тўпламлар, суткалик ЭКГ - Холтер, ЭКГлар ва тракцион кравот ҳамда анализаторлар топширилди. Бу амалий кўмак Қораўзакда даволаш ва ташхислаш ишлари самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши табиий.

Тантанали тадбирда қатнашган Қораўзак тумани ҳокимининг ўринбосари Ильич Кусибоев кўрсатилган мадад учун миннатдорчилик изҳор қилди.

Дилмурод ҚОДИРОВ,

Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи.