Чунки бу ерда янги оилавий поликлиника биноси фойдаланишга топширилди
27-ОПнинг икки қаватли биноси, аввало, ўзининг замонавий ташқи қиёфаси билан беихтиёр нигоҳингизни тортади. Олди фасади кўркам арчалару йўл ёқасидаги мўъжаз майдончаларни қоплаган анвойи гуллардан ғоят мафтункор манзара кашф этган. Бу кунни маҳалладошлар орзиқиб кутишгани учун муассаса атрофи эрталабдан гавжумлашди. Ахир маҳаллага вилоят ҳокимининг ташриф буюриши кечаданоқ овоза бўлган эди-да.
Ниҳоят узоқ-яқиндан меҳмонлар жамулжам бўлишгач, тантанали маросим бошланди.
- Вилоятимизда тиббиёт муассасалари қуриш, уларни таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш ишларига катта маблағлар ажратиляпти, жумладан, шу поликлиника учун 4 миллиард сўм маблағ сарфланди, - дея таъкидлади вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов.- Энди Тўрақўрғон ёки Намангандаги шифокорлар қабулига боришга хожат қолдирилмади. Шу ернинг ўзида сизларга барча қулайликлар яратиб қўйилган. Халқимиз тиббиётчилар хизматидан ўз вақтида баҳраманд бўлиб, соғу саломат юрса, ҳаётидан ҳаловат, меҳнатидан барака аримайди. Президентимиз олдимизга қўйган улкан вазифаларни шараф билан адо этилишини изчил таъминлайверамиз. Янги шифохона муборак бўлсин!
Файзиободликлар номидан сўзга чиққан меҳнат фахрийси Комилжон Абдуллаев эл соғлиғи йўлида кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликларни тилга олар экан, бунинг учун маҳалладошлар номидан Юртбошимизга мингдан-минг раҳматлар айтди.
Анъанага кўра, бино остонасидаги қизил лентани вилоят ҳокими билан биргаликда ёши улуғ нуронийлар тантанали равишда кесишиб, ичкарига қадам қўйишди...