Миллиард-миллиард маблағлар эвазига амалга оширилган таъмирлаш ва ре­конструкциядан кейин туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхонасини бугун ҳақли равишда шундай деб аташимиз мумкин. Муҳташам ва маҳобатли кўп қаватли бинонинг ташқи кўринишига монанд ичи ҳам беҳад шинам, хона ва заллар ёп-ёруғ, бегарду озода. Айниқса, янги операция хонасига янги жиҳозу тиббий аппаратлар, асбоб-ускуналар жамланмаси қўйилганини айтмайсизми.

Тақдимот тантанасида сўзга чиққан вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бу ерда туғиладиган ҳар бир чақалоқ келгусида элу юртига содиқ йигит-қизлар бўлиб етишишига умиду ишонч билдирди.

Меҳнат фахрийси Ҳабибулла Ҳожиматов тўрақўрғонликларнинг байрамолди тақдимотидан ғоят қувонаётганликларини алоҳида таъкидлади. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотлар Янги Ўзбекистон халқида чексиз фахру ғурур уйғотишини мамнуният билан тилга олди.

Туғруқхона биносининг рамзий лентаси қирқилгач, меҳмонлар ичкарига ташриф буюрдилар. Бўлим мудири Раънохон Шокирова вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовга яратилган шароитларни бирма-бир кўрсатди. 6 та туғруқ зали, она ва болани кузатиш хонасидаги жиҳозлару қулайликлар билан таништирди.

Тақдимот маросимларида вилоят ҳокимига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ҳамроҳлик қилди.

Содиқ САЙҲУН.