Мустақиллик байрами арафасида минглаб аҳолининг муаммолари бартараф этилди. 18-оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.
Давлатобод тумани "Қуйи Ғирвон" маҳалласи ҳудудида ушбу тиббиёт муассасасининг қурилиши шу ва қўшни маҳаллаларда истиқомат қилаётган қарийб 38 минг нафар аҳолига байрам туҳфаси бўлди.
Янги оилавий поликлиниканинг умумий лойиҳа қиймати 10 млрд. 200 млн. сўм бўлиб, уни "Бунёдкор Мубошер" МЧЖ бинокорлари барпо этишди. Бирламчи тиббиёт масканида аҳолига 85 нафар малакали тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатади.
Оилавий поликлиника энг янги тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган. Жумладан, замонавий рентген, УТТ, ЭКГ ва физиотерапевтик аппаратлар, лаборатория асбоб-ускуналари бор. Шунингдек, муассасада стоматология хонаси, жарроҳ, невропатолог, акушер-гинеколог, педиатр, терапевт, окулист, оила шифокори ва яна бир қанча мутахассислар фаолият олиб боради. Бинода тез тиббий ёрдам бригадаси кечаю-кундуз хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, кундузги шифохона фаолияти йўлга кўйилган.
Тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, нуронийлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
- Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир, - деди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов тақдимот чоғида.
Вилоят соғлиқни сақлаш
бошқармаси Ахборот хизмати.