Ҳар бир соҳа тараққиётини билимдон ва малакали кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис ҳам ўз устида тинмай ишлайдиган, астойдил изланиб, қобилият ва истеъдодини намоён этадиган кадрлар ҳамиша қадрланади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ўтказилган ҳуқуқий мавзудаги анжуманда худди шу ҳақда фикр юритилди. Уни бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов олиб борди.
Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими етакчи инспектори Жаҳонгир Эргашев "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти ҳақида" маъруза қилди. Нотиқнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат кўп вақтдан бери кутилаётган қонун эди. У жорий йил 8 август куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди. Уч ой ўтгач, кучга киради.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади. Унда давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ифодалаб берилган. Шунингдек, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилган. Бинобарин, тадбиркорлик билан шуғулланувчи шахс давлат хизматига қабул қилинганидан кейин тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриши қонунда белгиланган. Бундан ташқари давлат фуқаролик хизматчилари белгиланган муддатларда ва тартибда мол-мулки тўғрисда декларация тақдим этиши шарт.
Анжуманда ишчан, ташаббускор ва билимли кадрлар рағбатлантирилиши, улар қобилиятига қараб юқори лавозимларга тавсия этилиши, шунингдек, ижтимоий ҳимоя масалалари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
- Бундай тадбирларни ташкиллашдан мақсад янги қонун мазмунини давлат хизматчиларига тўлақонли етказишдан иборат. Улар зиммаларига юкланаётган вазифаларни чуқур билишлари керак, - дейди Жаҳонгир Эргашев. - Анжуман қатнашчилари билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни жамлаб, улардан қонун ости ҳужжатларини ишлаб чиқишда фойдаланиш кўзда тутилган.
Қизғин мунозаралар остида ўтган мулоқотда иштирокчилар шу йил ноябрь ойидан кучга кирадиган янги қонун ҳақида батафсил тушунчага эга бўлдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.