Одам савдоси муаммоси кейинги пайтларда кенг жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солмоқда. Бу жиноят содир этилиши оқибатида инсоннинг олий қадрият сифатида тан олинган дахл­сиз ҳуқуқларига тажовуз қилиниши, унинг замирида мажбурий меҳнат, қуллик, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ қилмишларнинг ётиши ҳеч кимга сир эмас.

Ачинарлиси, жаҳонда ҳар йили тахминан 2 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Ҳар йили 800 мингга яқин аёллар ва болалар турли алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, қул сифатида сотиб юборилмоқда. Мазкур кўрсаткичлар бизнинг юртимиз ва замондошларимизга ҳам тааллуқли экани барчамизни ҳушёрликка ундамоғи керак.

Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Уларнинг сирасида соғлиқни сақлаш тизими олдига ҳам муҳим вазифалар қўйилган. Бу вазифаларнинг изчил ижросини таъминлаш одам савдосидек иллатга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш ўринлики, вилоятимизда жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида 35 минг нафардан зиёд фуқаро чет элда бўлиб қайтган. Уларнинг аксарияти хорижга ишлаб, даромад олиш мақсадида чиққан. Бундайларнинг саломатлигини назорат қилиш, албатта, зарур вазифа саналади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳлари томонидан чет элдан қайтган 28 минг нафардан ортиқ шахслар тиббий кўрикдан ўтказилганда, уларнинг 3531 нафарида турли хасталиклар аниқланди. Тезкорлик билан кўрилган чоралар натижасида уларнинг 3002 нафари амбулатор, 529 нафари стационар шароитда даволанди.

Четдаги оғир иш, муносиб меҳнат шароитининг бўлмаслиги, об-ҳаво ва бошқа сабаблар бош­қа юртлардан келган инсонларнинг саломатлигига путур етказмасдан қўймайди. Шунинг учун тиббий ходимларимиз томонидан 28849 нафар шахс­ларда бал­ғам таҳлили ўтказилди. 3441 нафар аёл, 25408 нафар эркак RW текширувидан ўтди. Шунингдек, таносил касалликларини аниқлаш учун ҳам текширувлар ташкил этилди. Гарчи уларда сил ва таносил касалликлари аниқланмаган бўлса-да, бошқа бир ҳолат кўнгилни хира торттиради.

Аниқроқ айтганда, чет элда бўлиб қайтган шахс­лар ОИВ инфекциясига текширилганда, уларнинг айримларида ОИВ аниқланди.

Кўриб турганингиздек, хорижий давлатлардаги пала-партиш ҳаёт, одам савдоси қурбонига айланиш, ноқонуний даромад топиш ортида инсонлар тақдири ётибди. Энг ёмони, бу жараёнда айрим юртдошларимиз ўз саломатлигини йўқотмоқда.

Инсон қайси давлатда бўлмасин, ўз ҳуқуқларини англаса, мавжуд қонунлар моҳиятини тушуниб етса, қонунга асосан фаолият юритса, ҳеч қачон оғир аҳволга тушиб қолмайди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўтган 7 ой давомида бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. Аҳоли ва соғ­лиқни сақлаш тизими вакиллари ўртасида 154 та семинар, 76 та тренинг, 56 та давра суҳбатлари ташкил этилди. Тегишли ҳудуд ва жойларда одам савдосининг олдини олиш мавзусидаги 51 та баннерлар ўрнатилди. 1078 та тарқатма материаллар, яъни буклетларда одам савдоси ва унинг аянч­ли оқибатлари ёритиб берилди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, одам савдоси чегара билмас жиноят. Фуқароларимизнинг турли алдовларга учмаслиги учун барчамиз ҳамжиҳатликда ишлашимиз керак. Айниқса, маҳаллаларда, аҳоли ва ёшлар ўртасида, таълим муассасаларида бу борада мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар моҳияти юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтиришимиз лозим.

Зотан, халқимизнинг "Инсон - қадр топган жойида азиз" деган ҳикматли гапи бор. Мўмай даромад ваъда қилаётган фирибгарлар қутқусига учиш олдидан ҳар ким бир неча минг йилликлар синовидан ўтган ушбу ҳикматлар мағзини чақолса, теран ақл-идрок билан тўғри хулоса чиқаролса, ўз қадри, ўз ҳуқуқи, ўз эрки, ўз соғлигини муҳофаза этган бўлади. Ҳамюртларимизни ҳушёрликка чорлаш, қўяётган янглиш қадами оқибатини тушунтириш ҳар биримизнинг зиммамиздаги муҳим масъулиятдир.

Азимжон МАДАМИНОВ,

ВССБ Ахборот хизмати раҳбари.