Истиқлол йилларида тиббиёт соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар юзага келди. Инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш ишлари самарадорлиги ортди. Айниқса, тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш борасида мисли кўрилмаган натижаларга эришилди. Буни илгари хорижда ёки мамлакат пойтахтидаги нуфузли тиббиёт марказларида амалга оширилган юқори технологик жарроҳлик амалиётларини Наманганда ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам яққол тасдиқлаб турибди.
Вилоятимиздаги қатор ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида жорий қилинаётган замонавий даволаш усуллари боис беморларнинг узоғи яқин бўлибгина қолмасдан, уларни дарддан халос этиш натижадорлиги ўсмоқда. Бинобарин, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоасининг бу борадаги изланишлари таҳсинга лойиқ. Кейинги йилларда ушбу масканда даволаш ишлари кўлами ва сифати тубдан яхшиланганлигини эътироф этиш жоиз.
Марказда республикамизнинг кўплаб ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт муассасалари шифокору мутахассислари билан ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш одат тусига кириб қолди. Рақамларнинг гувоҳлик беришича, бу йўналишдаги фаолият изчиллиги таъминланмоқда. 2021 йилда 300 га яқин юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли якунланди. Яъни, лапароскопик холецистоэктомия, кистэктомия, уретероцеле ташхиси билан, уретеролитотрипсия, перкутан нефролитотрипсия, уретра структурасида бужлаш, пиелоуретероанастомоз, цистоуретероанастомоз, буйрак трансплантацияси, кўз катарактаси каби қийин ва нозик амалиётлар шулар жумласидандир.
Изланишлар астойдил давом этмоқда. Жорий йилнинг ўзида 450 та юқори технологик операциялар олиб борилди. Эндиликда қизилўнгач чурраси билан лапароскопик фундапластика , простата аденомасида, лапароскопик буйрак амалиётлари (нефроэктомия, пиелилитотомия, уретеролитотомия, кистэктомия), сон-чаноқ бўғимида эндопротезлаш, уретра структурасида Буккал пластика ва бош мияда ўсмаларни олиш каби амалиётлар юқори сифатда бажарилмоқда.
- Республикамизнинг еттита ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази билан узвий алоқа ўрнатилган. Жарроҳлик, нейрожарроҳлик, травматология, кўз микрожарроҳлиги ва онкология соҳасининг энг таниқли шифокор ва мутахассислари билан биргаликда иш олиб борилмоқда. Шу тариқа маҳаллий шифокорларнинг тажрибаси бойиб, касбий маҳорати ўсмоқда, - дейди ВКТТМ бош шифокори Низомиддин Отамирзаев.
Бу эл саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ишларнинг дебочаси. Келгусида бу мақсаддаги хайрли саъй-ҳаракатлар кўлами янада ортади. Истиқболли режаларда лапароскопик буйрак жом сийдик найи структурасида пиелоуретеронеоанастамоз амалиёти, лапароскопик меъда резекцияси, буйрак кораллсимон тошларида перкутан нефролитотрпсия ва бошқа кўплаб юқори технологик амалиётлар соғломлаштириш ишлари қаторидан ўрин олади.
Абдулла ҒОЗИЕВ.