Норин туманида Тўда номи билан аталувчи қадимий, қатор маҳаллаларни бирлаштирган, аҳолиси зич бир қишлоқ бор. Унда ўз даврининг етук, илмли, тадбиркор инсонларидан бири Ҳотамжон Ҳамдамов яшаб ўтган.
- Келажак илмлиники, шундай экан барча ёшлар ўқиши, етук мутахассис бўлиши шарт. Шунда қишлоғимиз обод бўлади. Туманимиз ривож топади. Мамлакатимиз дунёга танилади, - дея такрорлашдан ҳеч чарчамасди Ҳотамжон ака. Айни маҳалда турмуш ўртоғи Эътиборхон Ҳошимова (охирати обод бўлсин) билан беш ўғил-қизини саводли, ҳунарли қилиш йўлида ҳам тиниб-тинчимасди. Улар бетоб бўлиб қолганида туман, вилоят марказларига олиб бориб даволатарди. Баъзан, қишлоқнинг ўзига шифохона қуриш, унда фарзанд, набираларини элга хизмат қилишини ҳам орзулаб ширин хаёлларга берилиб кетарди.
Буни ҳаёт дейдилар. Улар боқий дунёга рихлат қилганларига ҳам бир неча йиллар ўтди. Не ажабки, бобонинг ушалмаган орзуларини бугун набираси рўёбга чиқарди.
Мамлакатимизда мустақиллик байрамига қизғин тайёргарлик кетаётган ушбу кунларда туман, вилоят марказидан анча олисда бўлган Тўда қишлоғи марказида икки қаватли, замонавий хусусий шифохона қурилиб фойдаланишга топширилди. Унга Ҳотам бобонинг Андижон тиббиёт олийгоҳида ўқиётган тадбиркор талаба набираси Жавоҳир Ҳушёржонов асос солди. Оила бошлиғи Ҳушёрбек бошчилигида маслаҳат пишитишгач, ўзларининг сармоялари хом-чўт қилинди. Қўшимчасига Миллий банкдан имтиёзли кредит олинди.
Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида туманнинг 2022-2023 йиллар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш инвестиция дастури доирасида Тўда қишлоғида режалаштирилган "SHIFO OLAMI" хусусий корхонасига қарашли "Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази" лойиҳаси фойдаланишга топширилди. Байрамона тадбирда туман ҳокими Жўрабек Нурматов мамлакатимизда, шу жумладан, Наманган вилояти, унинг чекка туманларидан бири бўлмиш Норинда инсон омили, унинг бахтли, саодатли ҳаёт кечириши, соғлигини муҳофаза қилиш йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида тўхталди.
Умумий қиймати беш миллиард сўм бўлган икки қавватли шифохонанинг фойдаланишга топширилиши натижасида 10 та янги ишчи ўрни яратилди. Икки кишилик, барча шароитларга эга хоналарда 30 нафар бемор қишлоқнинг ўзида, оиласи яқинида малакали тиббий муолажалар олиб, саломатлигини тиклаши учун имконият яратилди.
- Ҳозирда шифохонмизда терапия, физиотерапия, игнатерапия муолажалари олиб борилмоқда. Таҳлиллар ўтказувчи лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Яқин келажакда УТТ аппарати иш бошлайди, гинекология, стоматология бўлимлари хизматини йўлга қўйиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб бораяпмиз, - дейди бош шифокор Ёқутхон Аҳмедова.
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ.