Наманган тумани тиббиёт бирлашмасида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги байрами олдидан қатор тиббий тадбирлар ўтказилмоқда. Аҳолининг турли қатламлари саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар шулар жумласидандир.

Яқинда Ғалчадаги 12-оилавий поликлиникага ташриф буюрувчилар бир неча баробарга ортди. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг тор соҳа мутахассисларидан иборат гуруҳи ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи имконияти чекланган инсонлар учун махсус тиббий кўрик ўтказди. Акция доирасида оилавий поликлиника ҳовлисига замонавий тиббий асбоб ва қурилмалар билан жиҳозланган "Мобиль поликлиника" олиб келинганлиги ногиронлиги бўлган шахслар учун катта қулайлик яратди. Тажрибали шифокор Бахтиёр Турсунов замонавий тиббий аппарат воситасида акция қатнашчиларининг кўриш имкониятларини текшириб чиқди.

Ҳикматулла Йўлдошев анчадан бери кўз касалликларидан азият чекарди. Бугунга келиб икки кўзи ҳам заифлашиб қолган. Шундай бўлсада, яна бир хасталик уни жуда ҳам безовта қилмоқда. Офтальмолог қурилма воситасида бемор ҳолатини обдон ўрганди ва тегишли даволаш чораларини белгилади.

- Биздек ўзгалар қаровига муҳтож инсонларга кўрсатилган меҳр ва эътибордан бошимиз осмонга етди, - дейди Ҳ. Йўлдошев. - Айниқса дарддан фориғ бўлишимиз учун бепул дори-дармонлар берилганидан ғоят мамнунмиз.

Туман прокуратураси ташаббуси билан уюштирилган тиббий тадбирда мавжуд 53 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 300 нафарга яқин кўриш қобилиятида муаммоси бор кишилар малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлдилар. Энди уларни соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.

(Ўз мухбиримиз).