Бу ҳаётий ҳақиқат. Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида"ги қарорида барча тадбирларнинг бош ғояси худди шу мақсадга йўналтирилиши белгилаб берилди.

Мазкур қарорда таъкидланганидек: "Халқимизнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбе­кис­тон Республикасининг давлат мус­тақиллиги кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир.

Айнан миллий мустақиллик эл-юртимиз учун жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, шу жумладан, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб, эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаи бўлиб келмоқда". Буни биргина тиббий тизимдаги ўзгаришлар ва янгиланишлар тимсолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Айниқса, сўнгги йилларда тармоқдаги ислоҳотларнинг қамрови кенгайди, самарадорлиги ортди. Халқимизга зарур қулайликлар муҳайё этилди. Биринчи навбатда бирламчи тизим такомиллаштирилди. Оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари сони кўпайтирилибгина қолмай, уларни турли ихтисослашган врачлар билан таъминлашга жиддий эътибор қаратилди.

Энди аҳолига тиббий хизмат яқинлаштирилди. Қуйидан бошланган ташхислашу даволашлар бемор тўла-тўкис соғайгунича юқорилаб бораверади. Энг муҳими, инсон қадр-қиммати алоҳида эътиборда. Имкон доирасида даволашдан кўра, касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шунда ҳам кутилган натижадан кўнгил тўлмаса, муолажа олиб бориш диққат марказида. Бунинг учун тиббий кўриклар изчил, назорат доимий, даволаш жараёнлари самарадор. Энг замонавий тиббий аппарат ва ускуналардан фойдаланилмоқда. Сўнгги чора-жарроҳлик амалиётлари бўлса, у ҳолатда ҳам илгари пайт­дагидек хавф-хатар ўта ташвишли эмас. Негаки, юқори технология, юқори малака, юқори маҳорат уй­ғун. Инсон умрини узайтиришнинг ҳатто энг мураккаб операциялари Наманганнинг ўзида уддаланяпти. Аниқроғи, буйрак кўчириб ўтказил­япти, юрак фаолияти билан боғлиқ тиббий амалиётлар жароҳатсиз, яъни кесмасдан, кўкракни очмасдан, аорта томирлари орқали "кириб" интервенцион усулда кардиохирурглар ҳайратомуз якунларга эришишмоқда.

Демак, инсон азиз, соғу саломатлиги эса ундан ҳам азиз бўлиб қолди бизнинг мамлакатимизда. Чақалоқдан тортиб онасигача, ёшлардан тортиб кексаларгача тиббий хизмат билан қамраб олинганлар. "Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди" шиори амалий кафолатли. Шундай экан, бутун куч-қувватимизни, билим ва малакамизни мустақил Ватанимиз равнақи учун сарфлашга ҳамиша бурч­лимиз. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳотлар жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамиз бўлиб қолаверади.