Замонавий тиббиёт юксак суръатлар билан ривожланмоқда. Жаҳон миқёсида қўлланилаётган даволаш усул ва услубларини ўрганиш ҳамда уларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш ғоят муҳим вазифадир. Шу боис ҳам изланувчан ва интилувчан шифокорларимиз даволаш ишларини такомиллаштиришда хориж тажрибасидан кенг қўлланишга устувор аҳамият қаратмоқдалар.
Шу кунларда бир гуруҳ ўзбекистонлик тиббиёт мутахассислари Қозоғистон Республикасида бўлиб туришибди. Нурсултон шаҳридаги Қозоғистон миллий илмий тиббиёт марказида малакасини бойитаётган олим-шифокорларимиз маҳаллий ҳамкасбларидан "Маҳорат сабоқлари"ни олишмоқда.
Марказнинг рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими мудири, таниқли мутахассис Ниёз Малаев раҳбарлигида олиб борилаётган илмий-амалий ишлар билан танишилди. Малака ошириш курсининг мавзуси "Жигар саратонида интервенцион радиологик муолажалар ва портал гипертензиясида талоқ артериясини спираллар ёрдамида ёпиш" эди. Мазкур жараёнларни бажариш бўйича юқори технологик амалиётларда иштирок этилди.
– Кардиологияда интервенцион радиология соҳаси ҳам тараққий этиб боряпти. Бу ерда жигар циррозида радиологик интервенция усулда даволаш кенг қўлланиляпти экан. Бу жараённи бевосита кузатдик. Муолажа жуда қийин эмас. Уни Наманганда, хусусан филиалимизда бемалол йўлга қўйса бўлади. Қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан келишувга эришилди. Улар Наманганга бориб, шу усулдаги муолажаларни ўтказиш тажрибасини жорий этадилар. "Маҳорат соатлари"ни ўтказиб беришга рози бўлишди. Маълумки, вилоятимизда интервенцион кардиология анча равнақ топган. Энди унинг йўналишини янада кўпайтирмоқчимиз. Онкология ва гастроэнтрология соҳасидаги мутахассислар билан ҳамкорликда шу ишга қўл урмоқчимиз, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими мудири, т.ф.н. (Phd) Акмалжон Жалилов. – Шуниси аҳамиятлики, бу турдаги даволаш усуллари ҳозирга қадар мамлакатимизда қўлланилган эмас. Тиббиёти ғоят ривожланган давлатлардагина амалга оширилади. Айниқса, АҚШ ва Европа мамлакатларида оммалашган.
Дарҳақиқат, рўёбга чиқарилиши кўзда тутилаётган мазкур лойиҳанинг жорий этилиши халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш сари қўйилган яна бир муҳим қадам бўлади. Беморларни соғлом ҳаётга қайтириш билан бирга уларнинг даво истаб хорижга боришларига асло ҳожат қолдирилмайди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.