Соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш устувор вазифага айланди. Эндиликда хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш ва натижадорлигини ўстиришнинг янги усул ва услублари татбиқ этилмоқда. Бирламчи тизим муассасаларида амалиётга киритилаётган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими ҳам фикримиз далилидир.

Президентимиз шу йил март ойида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган   нутқда қайд этганидек: "...Рейтинг дегани шуки, энди тиббиёт ходимлари ўз ҳудудида  аҳоли соғлиғини сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича ўзига мажбурият олади.

Бунда ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланишга амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш ва уларнинг натижасида келиб чиқадиган инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш кўрсаткичлари асосий мезон сифатида белгиланади.

Ижобий кўрсаткичга эришган тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланади, йил якунида эса ҳар бир вилоятда энг яхши натижа кўрсатган поликлиникага мукофот ва совғалар берилади. Бу тажрибани жорий йилда пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та  оилавий шифокорлик пункти ва поликлиникаларда бошлаймиз"...

Айни кунларда Уйчи тумани оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларида иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими тажриба тариқасида амалиётга киритилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамаджонованинг маълум қилишича, 12 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида мазкур жараёнга пухта ҳозирлик кўрилган. Тиббиёт ходимлари етарли кўникма ҳосил қилишлари учун 35-оилавий поликлиникада вилоят миқёсида кўргазмали семинари ташкилланди. Унда рейтинг баҳолаш тизимининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб берилди.

Ҳизробод оилавий шифокорлик пункти жамоасининг бу борадаги фаолияти билан танишув чоғида олис қишлоқ саломатлик посбонларининг астойдил интилишларига амин бўлдик.

–  Ҳудудимиздаги 5 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи салкам 14 минг нафарга яқин аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун тиббий бригадалар фаолиятини самарали йўлга қўйишга эришдик. Жорий йилнинг биринчи ярмида улар уйма-уй юриб фуқароларнинг соғлиғи ҳақида аниқ маълумотларни шакллантирди. Аввало, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини, оилада саломатлик маданиятини қарор топтиришга интилдик. Бугунга келиб касалланиш кўрсаткичлари пасайиб бормоқда. Иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими шароитида янада фаол ҳаракат қилиш жамоамиз ҳар бир аъзосининг эзгу мақсадидир, – дейди оилавий шифокорлик пункти мудири Алижон Мирзаев.

Яқинда реконструкциядан чиқарилиб, шароитлари такомиллаштирилган тиббиёт масканида тиббий хизмат кўрсатишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун изланилмоқда. Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бинобарин, муассасада соғлом турмуш тарзи тарғиботига урғу берилмоқда. Жумладан, зарур тасвирий воситалари билан жиҳозланган "Профилактика хонаси"да юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказиш йўлга қўйилган. "Оналар мактаби" машғулотларида эса туғиш ёшидаги аёлларга соғлом зурриёдни дунёга келтириш учун нималарга амал қилиниши муҳимлиги ҳақида маслаҳатлар берилмоқда. Жисмоний фаолликка эътиборни кучайтириш, зарарли одатларни барҳам топтириш ва соғлом овқатланиш талабларига риоя этиш каби йўналишлар бў­йи­ча мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилаётир.

Қисқаси, туманда оилавий шифокорлик пункт­лари ва оилавий поликлиникалар иш самарадорлигини ошириш бўйича тажриба мактаби яратилмоқда. Ҳар томонлама манфаатли саъй-ҳаракатлар пировардида  эса касалликларнинг камайишига, шу билан бирга фаол тиббиёт ходимлари моддий манфаатдорлигининг ўсишига эришилади.

Севара  ҒОЗИЕВА.