Ҳаёт тасодифларга тўла. Кутилмаганда рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга ҳамиша ҳушёр ва тайёр туриш ғоят муҳим.  Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ўтказилган кўргазмали махсус-тактик ўқув машқида  соғ­лиқни сақлаш ходимларининг бу борадаги шайлиги синовдан ўтди.

Ўқув машқида фавқулодда вазиятлар юз берганда шошилинч тиббий ёрдам хизмати раҳбарияти ҳамда тузилмалари, куч-воситаларининг зилзила ва унинг оқибатлари натижасида шикастланган кўп сонли жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш,  жароҳатларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишда тегишли хизматлар билан ҳамкорликдаги ҳаракати амалда кўрсатилди.

Шартли зилзила туфайли азият чекканларга тезкор тиббий хизмат кўрсатиш учун аввало тегишли тез тиббий ёрдам бригадалари оёққа турди. Кенг майдонда дала шароитида фаолият олиб борувчи тиббий хизмат шакллантирилди. Комбус­толог, нейрохирург, травматолог ва жарроҳлик хизматлари учун чодирлар тикланди. Улар зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Табиий офат ҳақида хабар келиб тушиши биланоқ барча ўз вазифасини адо этишга киришди. Тез тиббий хизмат машиналари зудлик билан воқеа жойига етиб борди ва шартли беморларни тезкор равишда тиббиёт масканларига олиб келди. Шифокору ҳамширалар беморларнинг жароҳатланиш даражасига қараб саралаб олишди ва уларга тегишли ихтисосликлар бўйича биринчи тиббий ёрдам кўрсатишди.

Ўқув машқи жараёнларини мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган фавқулодда вазиятлар бош­қармалари вакиллари кузатиб боришди.

–  Тадбирга жуда ҳам пухта тайёргарлик кўрилганлиги билиниб турибди. Дала госпитали изчил фаолият кўрсатди. Жабрланувчиларга  биринчи тиббий хизмат намунали ташкил этилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси катта зобити Ваҳобжон Исмоилов.

– Шикастланганларни  аниқлаш, қабул қилиш, саралаш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш юқори даражада олиб борилди. Шифокорлар фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг тегишли хизматлари билан ҳамкорликда тартибли ҳаракат қилишди.

Кейинги босқич шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида давом этди. Жабрланганлар махсус МРТ ва бошқа замонавий асбоб-ускуналарда тиббий текширувдан ўтказилди. Ҳолати оғир шикастланганлар шошилинч равишда операция столига ётқизилди. Нейрожарроҳ, жарроҳ, кардиолог ва бошқа соҳа мутахассислари ўз йўналишлари бўйича мураккаб жарроҳлик амалиётларини «олиб боришди».

–  Икки кундан бери водий вилоятларида шу каби тадбирлар амалга ошириляпти. Намангандаги махсус-тактик ўқув машқи бошқа ҳудудларга қараганда жуда ҳам юқори савияда ўтказилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўқув машқига яхши таёргарлик кўрганлигининг самараси бу, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги иккинчи бошқармаси бошлиғи Нарзулла Тўхтаев.

Филиал мажлислар залида кечган йиғилиш махсус-тактик ўқув машқи якунларига бағишланди. Уни филиал директори Аброржон Алижонов олиб борди. Вилоят фав­қулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, генарал-майор Қосимали Аҳмедов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директорининг ўринбосари Ориф Иномовлар ҳам ўз сўзларида тадбир жуда уюшқоқлик билан, юқори савияда олиб борилганлигини таъкидлашди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.