Наманганлик тиббиёт ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда маҳаллий шифокорларга яқиндан ёрдам бермоқдалар. Йил бошидан бери вилоятимиз вакилларидан иборат гуруҳлар босқичма-босқич Оролбўйига жўнатилмоқда. Айни пайтда ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг беш нафар малакали шифокори Қораўзак туманида бўлиб турибди.
– Фаолиятни туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этишдан бошладик. Кўплаб фуқароларда турли касалликлар аниқланди. Уларни соғломлаштириш мақсадида туман марказий шифохонасида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Айрим беморларни Нукусдаги тиббиёт марказларида, қолаверса Наманганда даволаш кўзда тутилмоқда,-дейди РШТЁИМ Наманган филиали жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Равшанбек Темиров.
Шу билан бирга Қораўзакнинг олис ҳудудларидаги оила поликлиникалари ва оилавий шифокорлик пунктларига бориб, у ерда яшовчиларга ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Ёши улуғ ва юра олмайдиган беморларнинг уйларига ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинмоқда, зарур дори-дармонлар бепул етказиб берилмоқда.
Намангандан борган тиббий бригада таркиби болалар невропатологи, эндокринолог, кардиолог, жарроҳ ва онколог каби тажрибали мутахассислардан иборат. Куни кеча Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали интервенцион кардиологи Миржалол Юсупов томонидан юқори технологик эндоваскуляр жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Ўракбой Айтмуратов кўп йиллардан буён безовта қилаётган дарддан қутулди.
Вакилларимиз аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга қораўзаклик ҳамкасбларига даволаш ва диагностика ишларини янги босқичга кўтаришда ҳам амалий-услубий кўмак бермоқдалар.