Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуида тиббиёт ходимлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кубоги учун ўтказилаётган "Ассалом, тонг!" соғломлаштириш гимнастикаси бўйича кўрик-танловнинг вилоят босқичи якунланди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида хизмат қилаётган саломатлик посбонлари ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

– Ушбу босқичда шаҳар ва туманлар кесимида ўтказилган беллашувларда юқори натижага эришган 10 та аёллар жамоаси иштирок этмоқда. 120 нафар спорт ихлосманди бугун спорт гимнастикаси бўйича ўзининг маҳоратини намо­йиш этишга шай бўлиб турибди, – дейди Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази вилоят бўлими бош мутахассиси  Дилором Маматхонова.

Кўрик-танлов кўргазмали чиқишларини Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси жамоаси бошлаб берди. Шундан кейин иштирокчи жамоалар бирин-кетин гиламда сафланишди. Бир хил машқларни ўзига хос нафис ва янграётган мусиқага ҳамоҳанг,  жамоавий тарзда ижро этиш кўрик-танловнинг асосий шарти эди.

"Ўзбекистон жанг санъати" Федерацияси вилоят бўлимининг малакали мутахассисларидан иборат кўрик-танлов ҳайъати соғлиқни сақлаш ходимларининг кўргазмали чиқишларини синчковлик билан кузатиб борди. Машқларни  юқори маҳорат билан уддалаган иштирокчиларнинг уйғун ҳаракатлари ижобий баҳоланди. Айниқса,  танланган  либослар, уларда ифодаланган миллий анъналар ва рамзларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

– Қизларимизнинг эгнидаги либосларда давлатимиз рамзи бўлган байроғимиздаги ранглар гавдаланган, – дейди Янгиқўрғон тумани Аҳоли соғ­лом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими ҳамшираси Маҳмуда Сулаймонова.

Танлов якунларига кўра, Тўра­қўр­ғон, Поп ва Косонсой туманлари тиббиёт бирлашмалари вакиллари энг фаол иштирокчи сифатида эътироф этилди. Мингбулоқликлар энг аҳил, чустликлар энг ҳушчақчақ, янгиқўрғонликлар миллий рамзларга эътиборли, Наманган тумани жамоаси эса кўркам либосли қатнашчилар, деб топилди.

Норин тумани тиббиёт бирлашмаси гимнастикачилари тўплаган баллари бўйича 3-ўринга лойиқ кўрилди. Уйчи ва Наманган шаҳри жамоаларининг натижалари тенг бўлиб қолганлиги учун улар ўртасида финал баҳси ўтказилди. Унда Уйчи тумани жамоаси ғалаба қозонди ва фахрли биринчи ўриннни эгаллади.

– Жамоамиз ушбу нуфузли мусобақага ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрди. Барча гимнастикачилар  Жийдакападаги 36-оилавий поликлиникада хизмат қилишади. Оила ҳамширалари – Гулабза Эгамбердиева, Яшнар Назирова, Нодира Ғуломова, Муҳайё Холмирзаева, Зиёда Асқарова, Замира Нажмиддинова, Музайё Акбарова, Ойдина Халиловалар, муолажа ҳамширалари – Наима Усмонова, Гулжаҳон Йўлдошевалар, рўйхатхона ҳамширалари –  Дилшода Давлатова, Нафиса Давроноваларнинг фаоллиги туфайли  кўрик-танловнинг вилоят босқичида ғолиб чиқдик. Энди республика босқичида ҳам пешқадамлик учун астойдил курашамиз. Вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун тайёргарликни бугунданоқ бошлаймиз,– дейди жамоа мураббийи Муҳайё Зиётова.

Мусобақа ниҳоясида кўрик-танловнинг  совриндорларига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва "Ўзбек жанг санъати" федерацияси вилоят бўлимининг дипломлари ҳамда медаллар тантанали топширилди.

"Ассалом, тонг!" нафас олиш машқи гимнастикаси соғлом турмуш тарзига амал қилишда ва аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу каби   спорт тадбирларининг мунтазам ўтказиб борилиши ва оммалаштирилиши  эса саломатлик тарғиботи таъсирчанлиги ҳамда натижадорлигини оширишга имкон яратади.

Севара ҒОЗИЕВА.