Бунга эришиш – тиббиёт ходимларидан ҳам кўрикда, ҳам ташхислашда, ҳам даволашда фаол ҳаракат талаб этади. Биз вилоят эндокринология диспансери бош врачи Баҳриддин СиддиҚов билан шу хусусида суҳбатлашдик.
– Баҳриддин Фазлиддинович, маълумки 2021 йилнинг 10 декабрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида эндокрин касалликларининг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, 2022 йиилнинг 26 январида эса Президентимизнинг "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам қабул қилинди. Уларда эндокринология хизмати бўйича барча вазифаларга янада ойдинлик киритиб берилди. Вилоятимизда бу борада қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Кейинги йилларда тиббий хизматни аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давр талабларига тўла жавоб берадиган даражага кўтариш учун амалга оширилаётган катта ислоҳотлар ичида эндокрин касалликларини кескин камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Сиз айтган видеоселектор йиғилишида ҳамда 102-сонли қарорда белгиланган вазифалар ойма-ой изчил бажарилмоқда. Чунки, диспансеримизнинг 19 нафар врачи ва 95 нафар ўрта тиббиёт ходимлари зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда фаолликни тобора ошириб боришмоқда. Бизнинг йўл харитамиз вилоятнинг шаҳар ва туманларини тўла қамраб олган. Ҳаракатланиш манзилларимиз доирасида олис ва чекка-чекка аҳоли истиқоматгоҳларигача аниқ белгилаб қўйилган. Энг эътиборли жиҳати, қуйи бўғинлар билан узвий боғланишимиз тизимли, вақтинча эмас, доимий. Биргаликда бамаслаҳат, баҳамжиҳат иш ташкиллаётганимиз яхши самара кўрсатишига ишончимиз комил. Сабаби, жорий йилнинг ўтган ойларидаёқ муайян натижаларни қўлга киритаётганимиз ҳаётий ҳақиқат сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди.
– Дастлабки дадил қадамлар нималарда акс этмоқда, амалий тадбирлар, ижобий ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар берсангиз?
– Вилоятимизнинг шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари тасарруфидаги 14 та кўп тармоқли марказий поликлиникаларида "Саломатлик мактаблари" очилди. Улар томонидан аҳоли ўртасида эндокрин касалликлар профилактикасига оид 500 дан зиёд кўргазмали буклету видеороликлар тарқатилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 180 та шифокор олди кўриги хонаси ташкилланди. Уларни жиҳозлашга маҳаллий бюджетдан 611 миллион 800 минг сўм маблағ ажратилди.
Вилоятдаги барча кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги мавжуд эндокринологлар хоналарининг ҳам зарур тиббий ускуналар таъминоти яхшиланган. Бирламчи тиббий муассасалар ходимлари ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланмоқда.
– Ташкилий ишлар анча тўкис бўлганидан кейин шунга яраша амалий тадбирларда натижадорлик сезиларли ортган бўлса керак?
– Албатта, диспансеримиз мутахассисларини шаҳар ва туманларга бириктириб қўйганмиз. Режали чиқишлар тартиби ва талабини ҳар бир врач яхши билади. Ўзи боғланган ҳудуддаги ҳолатдан бевосита хабардор. Нималар қилинди-ю, яна нималар навбатда экани беш қўлдай аён.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 40 ёшдан юқори аҳоли ўртасида қандли диабет хасталигини эрта аниқлаш учун скрининг текшируви амалда. Режага мувофиқ иш юритилаётир. Ҳозиргача мазкур тадбир деярли барча ҳудудларда ўтказилди. Рақамларни келтирадиган бўлсам, ҳозиргача 503.260 нафар аҳоли қамраб олинди. 75254 нафар кишида қанд миқдори таҳлилга тортилди. Шундан 1746 нафарида диабет олди ҳолати, 1955 кишида қандли диабети борлиги янги аниқланди. Улар диспансер назоратига олинди. Соғломлаштириш жараёнига жалб қилинди.
– Кўряпмизки, сизларнинг олдингиздаги вазифалар ўта жиддий ва масъулиятли. Буни бажариш учун юқори билим ва малака билан бирга эндокринология соҳасидаги янгиликларни пухта ўзлаштириш заруратга айланиб турибди. Унинг ечими қандай ҳал этилмоқда?
– Вилоятдаги эндокринологларнинг касбий малакасини ошириш мақсадида бир қатор тизимли ишлар уюштириб келинмоқда. Жумладан, диспансеримиз врачи эндокринолог Ш. Ваҳобов феврал ойида, подматрист Ш. Жалолдинов июнь ойида Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида махсус тренерлик мактаби бўйича ўз малакаларини ошириб қайтишди. Март ойидан бошлаб, қандли диабетни эрта аниқлаш скрининг текширувини ўтказиш ўқув-семинарлари мавжуд 13 та туманда ташкилланди. Вилоят туманларидаги 294 нафар оилавий шифокорлар ҳамда 475 нафар патронаж ҳамширалар ҳам ўқитилди.
Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси "Умид" хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда Поп, Чуст, Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманларидаги 64 нафар оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираларни ўқитишни таъминлаб берди. 4 нафар оилавий шифокорлар эндокринология бўйича уч ярим ойлик бирламчи мутахассислик курсида ўқиб келди.
Мутахассисларимиз хорижга чиқиб, тажриба ва малакаларини янада мукаммаллаштириш ҳаракатидалар. Б. Давлатов ва Ф. Атавалиева Москва шаҳридаги Миллий эндокринология илмий-текширув марказида бир ойлик малака ошириш курсида ўқиб-ўрганиб қайтишгач, ҳамкасбларига ҳам маҳорат дарслари беришмоқда.
– Биз яхши биламизки, эндокрин касалликлари ижтимоий хасталиклар қаторида туради. Уларга чалинганларнинг дори-дармонлари давлат таъминотига киритилган. Бу борадаги ҳолатни қандай баҳолашимиз мумкин?
– Яхши ва тўкис дейишга етарли асосларимиз бор. Негаки, дори-дармонлар тақчилигига айтарли равишда барҳам берилди. Масалан, қандли диабетнинг 1-тури билан оғриган 236 нафар болалар ва ўсмирларга аналог инсулинлар диспансер томонидан мунтазам тарқатиб келинмоқда. Улар ўз-ўзини назорат қилиш воситалари – глюкометр ва тест япроқчалари билан ҳам тўла таъминланганлар.
Ҳозирда 18-25 ёшгача бўлган 240 нафар қандли диабетли беморларга аналогли инсулин етказиб бериш учун рўйхатлар шакллантирилиб, эҳтиёжни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда РИЭИАТМга тақдим этганмиз.
Айни маҳалда вилоятимизда 289 нафар қандсиз диабетга чалинганлар яшашади. Улар учун десмопрессин препаратини марказлашган ҳолда тарқатяпмиз. Эҳтиёж 7200 флаконга тўғри келмоқда. Улар 120 турда эканини назарда тутсак, бу борадаги ўзгаришлар ҳам алоҳида эътиборга моликдир.
Булардан ташқари қандли диабетнинг 1-2– турлари билан инсулин оладиган 4500 нафар бемор учун инсулинлар Наманган шаҳар ва туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникалари орқали тарқатилишини йўлга қўйганмиз. Аҳолининг узоғини яқин қилиш учун бу дорининг доимий равишда етарли заҳирасига эгамиз.
Яна халққа қулайлик туғдириш учун ички касалликлар негизида Норин, Учқўрғон, Чуст, Уйчи, Янгиқўрғон туманларида 10 ўринлидан, Мингбулоқ, Косонсой, Тўрақўрғон ва Наманган туманларида 5 ўринлидан эндокринолог ўринлар яратишга эришилди.
– Йод тақчиллиги оқибатида ривожланадиган касалликларни камайтириш, даволаш ва олдини олиш бўйича ҳам зарур чоралар кўриляптими?
– Бу ҳам ишимизнинг бир йўналиши аслида. Вилоят соғлиқни сақлаш ва вилоят мактабгача таълим бошқармаларининг қўшма буйруқларига мувофиқ йил бошида Наманган шаҳри ва Наманган туманларидаги бир неча мактаб ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва диспансеримиз мутахассислари ҳамкорлигида йод тақчиллиги ҳолатлари: ортиқча вазн, паст бўйлик, жинсий ривожланишдан орқада қолишни аниқлаш, сийдикдаги йод миқдорини билиш – йод скрининги текшируви бўйича чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. Натижада бу борадаги мавжуд ҳолатларга янада аниқлик киритиб олиш имконияти туғилди. Албатта, бундай тадбирлар давомли бўлишига, режага мувофиқ амалга оширилишига эришиб бораверамиз.
– Эндокрин касалликларини жароҳлик йўли билан бартараф этишда дастлабки дадил қадамлар қўйилганидан хабаримиз бор. Шу ҳақда ҳам қисқача тўхталсангиз?
– Диспансеримизда 90 нафар беморларда юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Янаям аниқроғи – қалқонсимон тугунли ва тугунчали буқоқларни олиб ташлаш амалиётлари бепул ўтказилди.
Мақсадимиз – эндокрин касалликларининг камайишига эришиш экан, барча чора-тадбирлар аҳоли ўртасида хасталанишларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва даволаш тизимини тобора такомиллаштириб боришга эътиборимизни янада кучайтираверамиз.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.