Бир қарашда шифохонага даво истаб келган кишилар фақат врачу ҳамшираларнинг сидқидил хизматлари туфайлигина касалликдан фориғ бўлгандек туюлади. Аслида ҳар бир хастаҳолнинг саломатлигини тиклаш учун турли мутахассислар ҳам  баҳолу қудрат ўз ҳиссаларини қўшадилар. Уларнинг беминнат кўмаклари билан инсон танасига азоб бераётган касалликнинг  келиб чиқиш омиллари ўрганилади. Врачлар эса шу таҳлилларга қараб, тўғри ташхис қўйишади. Ана ўшанга асосланган соғ­ломлаштириш чоралари натижаси ўлароқ дардманлар тез орада оёққа туришади.

Давлатобод тумани марказий касалхонаси клиник-диагностик лабораторияси бўлими жамоаси ҳам зиммасидаги масъулиятли  вазифани шараф билан адо этмоқда. Шифохонага ётқизилган ҳар бир бемор қисқа фурсатда даво топиши учун елиб-югураётган мутахассислар фаолияти  таҳсинга лойиқ. Мазкур мақола меҳнат фахрийси Абдурашид Убайдуллаевнинг шу давогоҳда саломатлигини тиклаган кўплаб инсонлар номидан таҳририятимизга қилган қўнғироғига мувофиқ тайёрланди. Унинг айтишича, лаборатория бўлимининг заҳматкаш ходимлари жонкуяр ва фидойи мудира Ҳалимахон Долимова раҳбарлигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун астойдил хизмат кўрсатмоқда.

Яқинда шифохонада бўлиб, лаборатория фаолияти билан танишдик. Реконструкциядан сўнг  мазкур хизмат ходимлари ҳам янги бинодаги шинам ва кўркам хоналарга эга бўлишибди. Энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар олинибди. Яратилган шароитлар боис, клиник лаборатория таҳлиллари сифати тобора яхшиланиб,  самарадорлиги ортибди..

– Шифохонадаги  бўлимларнинг даволаш протоколига мувофиқ 14 йўналиш бўйича чуқурлаштирилган таҳлиллар ўтказамиз. Хорижда ишлаб чиқарилган биохимик ва гематологик анализаторлар билан таъминланганлигимиз учун фаолиятимиз такомиллашди, ўз навбатида иш натижадорлигимиз ҳам юқорилади, – дейди  мудира Ҳалимахон Даминова.

Ҳар бир касаллик ортида инсон саломатлигига раҳна солаётган омил ётади. Клиник лаборатория ходимларининг синчковлик билан олиб борган ўрганишлари туфайли касаллик қўзғатувчиси юзага чиқади. Илгари бу жараён жуда қийин кечар эди. Эндиликда замонавий тиббий қурилмалар ёрдамида ўтказилаётган текширувлар ана шу унсурларни тезкор аниқлаш имконини бермоқда. Кунига 47 турдаги йўналишлар бўйича таҳлиллар ўтказилиши билан 50 – 60 нафар беморни безовта қилаётган хасталик сабаблари ойдинлаштирилиб берилмоқда.

Кичик бўлинманинг меҳнатсевар жамоаси учун самарадорлик бош мезонга айланган. Ҳалимахон атрофига бир  врачу 6 нафар лаборант-ҳамшира ҳамда кичик тиббиёт ходимлари жипслашган. Раҳбарнинг фидойилиги жамоанинг барча аъзоларига "юққан". Шифокор Саида Умарова, катта лаборант Илҳомжон Боқиев, Мўътабархон  Сиддиқова, Зулфия Мамажонова, Наима Исоқова, Нодира Сайдуллаева, Маҳлиё Ҳотамова, Гавҳархон Абдураззоқова каби ҳамширалар, Комилахон Мамаджонова, Одинахон Солиева каби кичик тиббиёт ходимларининг ҳамжиҳатликдаги хизматларидан беморлар ҳамиша миннатдор.

Албатта, муваффақиятлар омили раҳбарнинг ибратига кўп жиҳатдан боғлиқ. Талабчанлик, интилувчанлик ва изланувчанлик Ҳалимахон фаолиятининг асосини ташкил этади. Эгнига оқ халат кийганидан буён чорак асрдан зиёд вақт ўтди. Шу давр мобайнида Наманган тиббиёт билим юрти-ю, Душанбе давлат университети биология факультетидаги таҳсил, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтидаги маҳоратини бойитиш сабоқлари унинг билимдон ва тажрибали мутахассис сифатида шаклланишида муҳим омил бўлди. Айни маҳалда тўплаган бой тажрибаси  ўз жамоасидагина эмас,  Наманган шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ҳам кенг қўлланилмоқда.

– Одатда одамлар касалликка чалинганларидан сўнг шифокор ҳузурига ошиқадилар. Агар ҳар бир соғлом инсон йилига камида икки марта тиббий кўрикка келиб, лаборатор текширувлардан ўтиб турса, нур устига нур бўлар эди. Чунки, дард  қанча эрта аниқланса,  даволаш ҳам шунча осон кечади, – дейди моҳир мутахассис, уддабурон раҳбар  Ҳ. Долимова.

Эл соғлиғи – юрт бойлигидир. Ана шу бебаҳо бойлик барқарорлиги ва бардавомлигини таъминлаш учун астойдил интилаётган саломатлик посбонларига омад тилаймиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.