Шу кунларда вилоятимизнинг олис ҳудудларида иш олиб бораётган "Мобил клиника" зиммасига қатор хасталикларни барвақт аниқлаш ва аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш вазифаси юкланган. Россия Федерациясининг "ОИТС Инфосвязь" жамғармаси томонидан туҳфа этилган махсус автомашинага ўрнатилган кўчма тиббиёт маскани юқумли касалликларга қарши кураш, хусусан ОИВ/ОИТС, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар ва вирусли гепатитларнинг, айниқса, ушбу инфекцияларга кўпроқ мойил бўлган аҳоли гуруҳлари, шу жумладан меҳнат мигрантлари ўртасида тарқалишининг олди олиш тизимини такомиллаштириш"га мўлжалланган.

Республика  ОИТСга қарши кураш марказига тақдим этилган ва Фар­ғона водийси бўйлаб сафарга чиққан "Мобил клиника" айни кунларда  вилоятимизда фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг навбатдаги хизмат манзили Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғи бўлди. "Мобил клиника"дан ташқари вилоятимизнинг "Мобил поликлиника"си ва кўчма рентген автомашинасидан иборат тиббиёт карвони эрталаб 62-оила поликлиникаси атрофида  саф торт­ди. Уларнинг барчаси ўз йўналишлари бўйича қишлоқ аҳолисига беминнат хизмат кўрсата бошлади.

– "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса чекка ҳудудларда яшовчиларни малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш самарадорлигини ошириш мақсадимиздир. Махсус автотранспортдаги "Мобил клиника" таркибида УТТ ташхиси, акушер-гинеколог кабинети ва лаборатория текширувлари бўйича мутахассислар иш олиб боришяпти. Бундан ташқари туман тиббиёт бирлашмасининг етакчи тор соҳа мутахассислари ҳам биз билан биргаликда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқдалар, – дейди Республика ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси Яшин Равшанов.

–  Аҳоли ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олиш ва соматик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ОИВ инфекцияси, вирусли гепатит В, С, заҳм ва коронавирус инфекциялари бўйича тезкор тестлар ўтказяпмиз. Бу хизматларнинг барчаси бепул амалга оширилмоқда.

Жараённи кузатамиз. 62-оила поликлиникаси биносидаги хоналарда Янгиқўрғондан сафарбар этилган тор соҳа шифокорлари иш олиб бо­риш­япти. Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази лабораториясининг бир гуруҳ ходимлари ташриф буюрувчилардан бирин-кетин қон олиб, турли таҳлилларни бажариш  билан бандлар.

"Мобил клиника" эшиги олдидаги ғоят тирбандлик эса пойтахтдан келган мутахассислар кўрувига ошиққанлар кўплигидан далолат бериб турибди. Ичкарида Наргиза Шодмонова ультра товуш текширувини синчковлик билан олиб бормоқда. Акушер-гинеколог Тўл­ғаной Саматова эса туғиш ёшидаги аёлларга тегишли тавсия­ларини айтяпти. "Мобил поликлиника"да ҳам иш қизғин. Окулист Турсуной Юсупова кўриш қобилияти заифлашган нуронийларга зарур маслаҳатлар беряпти. Рентген қурилмасидан ўтиш ниятидагилар ҳам оз эмас.

– Қишлоғимизга малакали шифокорларнинг келишгани айни муддао бўлди. Биздек қариялар ҳар доим ҳам доктор ҳузурига боргани имкон топа олмаймиз, – дейди 73 ёшли онахон Малика Нурматова.

Хўш, мазкур тиббий тадбир қандай самара беряпти? Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокорининг ўринбосари Гулмира Мирзакаримованинг қайд этишича, икки кун давомида олиб борилган тиббий текширувларда  қатор юқумли касалликка чалинганлар борлиги аниқланди. Уларни тезкор равишда соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бу хайрли ишнинг дастлабки натижалари. Зеро, тиббиётнинг келажаги профилактикадир.