Маймун чечаги – табиий ўчоқли,
ўткир юқумли зооноз касаллик бўлиб,
одамлар ва ҳайвонларда камдан-кам учрайди.
Поксвируслар оиласига мансуб вируслар келтириб чиқарадиган касаллик. Унинг манбаи маймунлар бўлиб, касаллик улар билан бевосита яқиндан мулоқотда бўлганда ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Ёки бўлмаса бемор касалликнинг ўткир даврида оила аъзоларига юзма-юз бўлганида, тери ёки шиллиқ қаватининг шикастланиши билан тўғридан-тўғри жисмоний алоқа қилганида, бетоб инсон фойдаланган кийим-кечак, чойшаб ёки идишлар ва бошқа материаллардан санитария қоидаларига риоя этмаган ҳолда ишлатганида (контактда бўлиши) юқиши мумкин. Тиббиётга доир адабиётларда келтирилган маълумотларда инокуляция ҳамда плацента орқали (туғма маймун чечаги) юқиши мумкинлиги қайд этилган. Касаллик асосан, кўп ҳолларда 16 ёшгача бўлган болаларда қайд этилади. Касаллик биринчи марта 1970 йилда Конго Демократик Республикаси (аввалги Заир) Басанкусу шаҳрида аниқланган. ЖССТ томонидан олиб борилган эпидемиологик кузатувда 1981-1986 йилларда 338 та ҳолат рўйхатга олинган. Уларнинг 38 нафарининг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти топилмаган.
Иккинчи эпидемик чақнаш 1996-1997 йилларда кузатилган. 1991-1999 йилларда ушбу Республикада 511 та ҳолат рўйхатга олинган. Ана шунинг учун ҳам Конго Демократик Республикаси ер юзидаги ўлим даражаси юқори бўлган эндемик ўчоқ ҳисобланади. Бу касаллик шунингдек, 2003 йилда АҚШ да, 2017-2019 йилларда Нигерияда, 2018 йилда Буюк Британияда, 2019 йилда Сингапур давлатларида рўйхатга олинган. Беморлар билан олиб борилган суриштирувларда улар Нигерия давлатида бўлиб қайтган сайёҳлар эканлиги маълум бўлган.
Маймун чечаги – вирусли касаллик бўлиб, одатда расман 1980 йилда вакцинация натижасида йўқ қилинган табиий чечак касаллиги билан деярли бир хил ёки унга нисбатан енгилроқ кечади. Унинг бирламчи аломатлари – беморда иситма, қаттиқ бош оғриғи, лимфа тугунларининг яллиғланиши, бел ва мушаклардаги оғриқ, кўнгил айниши, кучли ҳолсизлик кузатилади. Касаллик енгил ва ўрта оғирликда кечади. Асосан табиий чечак касаллигига қарши эмланмаган фуқароларда кўпроқ кузатилади.
Касалликнинг яширин даври 9-19 кун бўлиб, давомийлиги 2-3 ҳафтадир. Ҳарорат кўтарилганидан 3-4 кун ўтгач, беморда тошмалар пайдо бўла бош лайди. Асосан юз, кафт ва оёқ қисмларида 6-10 мм. катталикдаги тошмалар (доғлар) – папулалар пайдо бўлади. Улар шиллиқ пардалар, жинсий аъзолар ва кўзларда ҳам учраши мумкин. Вақт ўтиши билан тошманинг кўриниши ўзгаради ва суюқлик тўлган пуфакчалар (визикула) га айланади. Бу касалликнинг 7-8 кунига тўғри келади. Беморда тахикардия, нафас олишни тезлашиши, қон босимининг тушиши каби клиник белгилар намоён бўлади. Айрим ҳолатда ўлимга олиб келиши мумкин.
Касалликнинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўрилган. Касалликка гумон ҳолати биринчи навбатда эндемик давлатларда бўлган, ўткир тошмалар билан касалланган ҳар қандай ёшдаги одамда қайд этилади. Бош оғриғи, миалгия, ўткир иситма, астеник, бел оғриғи, лимфаденапатия ҳолатлари кузатилса ҳам шу касалликка гумон қилинади. Шубҳали ёки эҳтимолий ҳолатга гумон қилинган бемордан намуна олиниб, ПЦР лаборатория текширувидан ўтказилганда, касаллик тасдиқланса, бемор юқумли касалликлар бўлимига даволаниш учун юборилади. Бемор билан мулоқотда бўлганлар ҳам 21 кун мобайнида тиббий кузатувга олинади. Маймун чечаги инсоният сиҳат-саломатлигига хавф солувчи касалликдир.
Шунинг учун ҳам Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш тармоғи (WHN) маймун чечаги глобал офатга айланишининг олдини олиш учун зудлик билан тегишли профилактик чора-лар кўришга чақирувчи деклорацияни эълон қилди. "Биз бу орқали касалликни жиловлашимиз мумкин. Бунинг учун инфекция симптомлари ва асоратлари, эҳтиёт чоралари ҳақида аҳолини кенгроқ хабардор қилишимиз зарур. ЖССТ ҳам бу борада шошилинч чора-тадбирларни белгилаши шарт", дейилганди мазкур ҳужжатда. Шундан келиб чиқиб яқинда ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг иккинчи йиғилишини чақирди. Унда қайд этилганидек, мазкур вирус ҳозиргача дунёнинг 75 мамлакатида рўйхатга олинди. Хасталик тасдиқланган беморлар сони эса 20 минг нафарга яқинлашиб қолди.
Эпидемиядан Европа мамлакатларида яшовчилар энг кўп азият чекмоқда. Бошқа минтақаларда ҳам касалликнинг авж олиш хавфи мавжуд. Шундан келиб чиқиб, ЖССТ маймун чечаги эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Айни пайтда хасталикка қарши курашиш ва унинг олдини олиш учун қатор тавсиялар ишлаб чиқилган ва эпидемиологик вазиятни назоратга олиш чоралари кўрилмоқда.
ЖССТнинг маймун чечаги инфекцияси бўйича бош мутахассиси Розомунд Льюис мазкур вируснинг кенг тарқалиши билан боғлиқ хулосаларини маълум қилди. Унинг қайд этишича, касалликка қарши вақтида зарур чора-тадбирлар белгиланиб, кураш олиб борилмаса ҳақиқий эпидемиологик вазият бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин. Чунки қатор мамлакатларда ушбу янги инфекцияга аниқ ташхис қўйиш имконияти чегараланган. Диагностик тестлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Табиийки, ана шундай шароитда тасдиқланмаган ҳолатлар статистикага киритилмайди.
Мамлакатимизда ҳам бу касаллик кириб келишининг олдини олиш борасида барча зарур чора– тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо дунё миқёсида бу борада ўз вақтида тегишли чоралар кўрилиб, эпидемия тезроқ жиловланмаса, хасталик кўлами ва асоратлари янада ошиб кетиши мумкин.
Учқунбек МУРОДОВ,
Наманган вилояти санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.