Янги Ўзбекистонимизда тиббиётни, таълимни ислоҳ қилишга, соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш ва уни янаям такомиллаштиришга, диагностика ва даволаш усулларига, кадрлар тайёрлаш ва ўқитишга замон билан ҳамнафас ёндашишга талаблар кучайтирилмоқда.

Айниқса, ўрта тиббиёт ходимларининг ишдаги ўрни, роли ва масъулияти ортди. Чунки, улар ўз касбий вазифаларини адо этишлари асносида турли тиббий муолажаларни беморларга нисбатан қўллашига тўғри келади. Бу муолажаларни юксак маҳорат билан бажариш учун эса нафақат ўқиб-ўрганганлари, балки амалиёт даврида малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари ёнида ўзлаштирадиган тажрибалари ҳам жуда қўл келади.

Мен айни маҳалда Учқўр­ғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Қўғай шифохонасининг жонлантириш бўлимида амалиёт ўтаяпман. Қирқ йилдан ошиқ бу даргоҳда фаолият олиб бораётган бўлим бошлиғи Сирожиддин Тошбоев ва у кишининг аҳил-иноқ жамоаси қисқа фурсат ичида яқин қадрдонларимга айланиб кетишди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам беморлар ҳаётини биринчи ўринга қўйиб, ўзларини-да унутиб ишлашга одатланган шифокорлардан Зулфия Каримова, Дилмурод Ғафуров билан ҳамкорман.

Ҳамшира Муҳаббат Рўзиқулова эса 36 йилдирки, халқ­қа ҳалол ва сидқидил хизмат қилиб келмоқда. Беморлар ҳаётини сақлаб қолишда яна бир тоифа инсонларнинг, яъни лаборантларнинг хизмати ҳам муҳим ўрин тутади. Боиси, тўғри таҳлил – тўғри ташхис ҳисобланади. Бу соҳада жонлантириш бўлимида асло муаммолар йўқ. Олий тоифали лаборант Сабохон Каримованинг ишлари барчага бирдек манзур.

Фельдшер Акмалжон Қодировнинг ҳам бу жамоада ўз ўрни бор. Йигирма тўққиз йил эл хизматида бўлиб, обрў-эътибор топган.

Жонлантириш бўлимидаги кичик тиббий ходимлар беморларнинг ўрин-жойларини пок-покиза тутишга, уларга бор меҳрини бериб, ҳар қандай ҳолатда ҳам атрофида парвона бўлишга одатланишган. Хадича Дадамирзаеванинг ҳаракатлари бунга ёрқин мисол бўла олади.

Мен шундай жамоада амалиёт олиб бораётганимдан ғоят фахрланаман.

Сарварбек ТУРДИЕВ,

Наманган Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми 212-гуруҳ талабаси.