– Эшик қўнғироғи жиринглади. Йўлакда оқ халат кийган патронаж ҳамшира кўринди.

Онахон уни уйга таклиф қилди. Ҳамшира хонадоннинг тозалиги, болалару кексаларнинг бемалол яшаши учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Соғлом овқатланиш, мавсумий касалликлардан ҳимояланиш бўйича суҳбатлар ўтказди. Ҳомиладор келинни синчиклаб текширди. Аёлнинг қон босими бироз ошган, оёғи шишганлигини аниқлаб, дарҳол шифохонага бориши кераклигини тайинлади. Бу ҳамшира ким экан дерсиз? патронаж ходими Зуҳрахон Лутфуллаева-да.

У Ғовадаги 49-оилавий поликлиникада ишлайди. Ўз касбини жону дилдан севгани учун сира тиним билмайди. Қачон қараманг, маҳалла ичида юрганида учратасиз. Қайсидир хонадонга кириб кетаётган ёки қайсидир хонадондан чиқиб келаётган бўлади. Эгнида халати, елкасида сумкаси ўзига жуда-жуда ярашган. Энг кераклиси – хушмуомила, каттаю кичикка эътиборли. Оилалардаги тиббий ҳолатни яхши билгани учун кимларнинг уйига кирса, ўшаларнинг тан сиҳатлигини мустаҳкамлаш учун зарур тавсиялар беради. Соғ­лом турмуш тарзини тарғиб қилади. Назоратдагиларга алоҳида эътибор қаратади. Шу боис, ҳамиша олқиш олади.

– Оилавий поликлиникамизнинг врачу ўрта тиббиёт ходимлари учун биномизда барча қулайликлар яратилган, – дейди Зуҳрахон Лутфуллаева. – "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да бор билиму малакамизни аҳолимиз саломатлиги барқарорлигини таъминлашга сарф­лаяпмиз. Биринчи бўғиндагилар яхши ишласак, касалликлар кескин камаяди, беморлар эрта аниқланиб, барвақт даволанишига эришаверамиз!

Отабек ҚОБИЛОВ,

Чуст тумани.