Мамлакатимизда "Инсон қадри учун" тамойилини инобатга олиб, сўнгги йилларда халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Президентимизнинг 2022 йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқоти ҳамда шу йилнинг 28 март, 5 май ва 1 июнь кунлари тиббиёт соҳасига доир ўтказган видеоселектор йиғилишларида замонавий даволаш амалиётларини татбиқ қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш мақсадида юқори малака ва технологиялар талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами кенгайиб бормоқда. Натижада илгари пойтахт Тошкент шаҳрида амалга оширилган 210 турдаги операция ва ташхисларни маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имкони юзага келди. 130 турдаги жарроҳлик амалиёти вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди.
2022 йил 11 майдаги "Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни тиббиётнинг янада ривожига кенг йўл очиб берди.
Куни кеча Наманганда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг шошилинч хирургия ва хирургик трансплантология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Ҳажибоев бошчилигидаги 12 нафар ишчи гуруҳ томонидан Наманган филиалида маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари ўтказилди.
Маҳорат дарсининг амалий қисмида эса Уйчи туманида истиқомат қилувчи эр-хотин: беш йилдан бери сурункали буйрак етишмовчилиги, анурия, программалаштирилган гемодиализ олиб юрган, 37 ёшли бемор М.И. да буйрак трансплантацияси амалга оширилди. Бунда тўрт фарзанднинг онаси, беморнинг турмуш ўртоғи, 35 ёшли М.Р. донорлик қилди. Қарийб тўрт ярим соат давом этган мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.
Ҳозирда донор ва реципиентнинг саломатлиги қониқарли ҳолатда. Қайд этиш жоизки, бундай амалиёт Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида илк бора амалга оширилди.
Филиал директори Аброржон Алижоновнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, келгусида мазкур буйрак кўчириш амалиётини тўлиқ йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.