Барча жойда бўлгани каби вилоят тиббиёт муассасаларида ҳам "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси қизғин ўрганиб чиқилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ўтказилган йиғилиш ҳам ана шу мавзуга бағишланди. "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев кун тартибидаги масала ҳақида маъруза қилди.

Таъкидландики, Конституциявий қонун лойиҳасида Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритилган. Бундан таш­қари 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Ўзгартиш ва қўшимчаларда мазмун моҳиятига кўра, "Инсон-жамият-давлат", "Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат" деган тамойиллар ўз ифодасини топган.

Конституциямизнинг 40-моддасидаги "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга", деган умумий норма бугунга келиб етарли бўлмай қолди. Шу боис ҳам Конституциявий қонун лойиҳасида бу модда қу­йидагича тўлдирилган: "Ҳар ким соғлиғининг муҳофаза қилиниши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли. Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради. Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан бар­қарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради". Муҳокама чоғида бу моддадаги ўзгартишлар юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси давом этаётганлиги инобатга олиниб, бу жараёнда барчанинг фаол қатнашиши муҳимлиги айтилди. Зеро, конституциявий ислоҳотлар давр талабидир.