Шу кунларда халқимиз "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида фаол иштирок этмоқда.

- Мен ҳам Конституциявий қонун лойиҳаси билан чуқур танишиб чиқдим. Мазкур ҳужжатдаги ўзгартиш ва қўшимчаларни қўллаб-қувватлайман, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бў­йича етакчи мутахассиси Дурдона Ҳусанхонова. - Жумладан, лойиҳанинг 55-моддасида " Ер, ер ости бойликлари, сув, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат мулкида бўлади. Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шарт­номалари асосида ажратилади.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат томонидан муҳофаза қилинади", деб ёзиб қўйилибди.Демак,ерга давлат ва фуқароларнинг эгалик ҳуқуқлари аниқ белгилаб берилган.Айниқса, умиллий бойликларимиз қаторига атмосфера ҳавосининг ҳам қўшилганлиги катта аҳамият касб этади. Чунки, атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш - саломатлигимиз гаровидир.