Наманган шаҳрининг "Машад" маҳалласидаги 17-оилавий поликлиника бино-иншоотида тўла реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Унинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков иштирок этди.
Янги, замонавий, қулай шароитларга эга поликлиника биноси қайта таъмирланди. 17-оилавий поликлиника 200 қатнов қувватига эга бўлиб, барча турдаги замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган.
Оила поликлиника 6 та МФЙ, 2 та мактаб, 1 та боғчага умумий ҳисобда 30000 нафардан зиёд аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатади.
Ушбу оилавий поликлиника "Иншоот инвест қурилиш" масъулияти чекланган жамияти томонидан қисқа муддатда тубдан қайта таъмирланди. Унинг таъмирлаш ишлари учун маҳаллий бюджетдан 4 млрд. 200 млн. сўм маблағ ажратилган.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш керакки, ушбу поликлиника аввал 10-оилавий поликлиника негизида Машад филиали сифатида фаолият олиб борган.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.