Уйчи туманида бирламчи бўғин фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган кўргазмали анжуман бўлиб ўтди. Унга Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва бош ҳамширалар таклиф этилди.

Кўргазмали тадбирда оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолашга рейтинг тизимини жорий этиш бўйича зарур тушунчалар берилди. Бирлашган қишлоғидаги 35-оилавий поликлиника негизида янгиликни татбиқ этиш тажрибаси амалий тарзда кўрсатилди. Дастлаб "Ассалом тонг" нафас олиш машқи намойиш этилди. Ҳовлида 36-оила поликлиникаси ходимлари бу амалиётни намунали тарзда кўрсатиб бердилар.

Шундан кейин қатнашчилар эътиборига мазкур тиббиёт масканидаги "Электрон поликлиника" хизмати ҳавола этилди. Мутасадди Умида Дадахонова ушбу тизимнинг жорий этилиши ҳақида гапириб берди. Рақамлаштириш соҳада қандай афзалликларни вужудга келтиришига аҳамият қаратилди.

Маълумки, оилавий поликлиника ҳудуддаги 11 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Фаолиятдаги янгиликлар боис аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза этишга эришилмоқда. Хусусан, тиббий бригадалар шакллантирилганлиги ижобий самаралар бераётир. Анжуман чоғида 1-тиббий бригада патронаж ҳамшираси Нилуфар Исмоилова скрининг текширувларини ўтказиш амалиёти, 2-тиббий бригада патронаж ҳамшираси Малика Турсунова "Саломатлик мактаби"нинг фаолияти, 3-тиббий бригада патронаж ҳамшираси Муборак Ортиқова оналар ва болалар саломатлигини сақлаш борасидаги иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар қатор муҳим амалиётларни кўргазмали тарзда ифодалаб бердилар.

Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов иштирок этди. Соҳа раҳбари тизим фаолиятини такомиллаштириш, айниқса шифокору ҳамширалар билим ва малакасини оширишда мазкур анжуманларнинг долзарб аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Сирдарё вилоятидаги ҳамкасблар тажрибаси асосида тайёрланган бу каби тадбирларни барча шаҳар ва туманларда ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Минг марта эшитгандан кўра, бир бора кўрган афзалдир. Зеро, ўзаро тажриба алмашиш, эришилган ютуқларни оммалаштириш ва янгиликларни изчил тадбиқ этиш тизим ишини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.