Мозийни ёдга олиб туриш, ўтмишни эслаш, соҳанинг аввали билан бугунини таққослаш, буюк аждодларнинг босиб ўтган шонли йўлига назар ташлаш, уларни хотирлаш ҳозирги авлоднинг муқаддас вазифасидир. Тарих, кечаги давр ва бугунги тараққиёт ҳақида ёшларда тасаввур уйғотишда музейлар муҳим аҳамиятга эга.

Бинобарин, Наманган тиббиётининг ҳам изчил тараққиёт тарихи бор. Соҳа жонкуярларининг заҳматли хизматлари туфайли азалдан хал­қимиз саломатлигини ишонч­ли муҳофаза қилишда салмоқли ютуқларга эришиб келинмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятининг ташаббуси билан реконструкциядан чиқарилган бош­қарма биносининг биринчи қаватидаги хонада "Наманган тиббиёти тарихи" музейини ташкил этишга киришилган эди. Қисқа фурсатда бу қутлуғ даргоҳ вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимининг шаклланиш ҳамда тарақ­қиёт бос­қичлари ва бугуни ҳақида тушунча берувчи масканга айлантирилди.

Албатта, янги музей ўзига хослиги билан ажралиб туради. Яъни, унда мужассамлашадиган экспонат ва кўргазмаларда Наманган тиббиётининг шонли йўли, соҳа ишини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган саломатлик посбонларининг жасоратли фаолияти акс эттирилган. Бу қутлуғ иш эса ғоят мураккаб жараён бўлиб, тегишли тарихий маълумот ва эски даврларни эслатувчи ашёлар ҳамда коллекциясини йиғиш, саралаш лозим эди.

Вилоятимиздаги мавжуд музейлар тажрибасига асосланган ҳолда бошқарма маданият ва маънавият масканини шакллантиришга астойдил киришилди. Наманган тиббиёти тарихига оид маълумотларни тўплаш жараёнида вилоят архивида сақланаётган ҳужжатлар ўрганилди. Турли адабиётлар, ўтган аср­даги матбуот нашрларида чоп этилган мақолалардаги маълумотларга асосланилди.

Шу билан бирга тиббиёт тарихи бўйича тадқиқот олиб бораётган мутахассислар ва тизимнинг яқин ўтмишидан бохабар инсонлар билан суҳбатлашилди. Эски даврларга оид экс­понатларни йиғишда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиникалар, Поп, Чуст, Учқўрғон, Наманган туманлари тиббиёт бирлашмалари, Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали, ВССБ автокорхонаси жамоалари фаоллик кўрсатдилар.

Бу борада амалий ёрдами ва маслаҳатларини аямаган меҳнат фахрийларидан Ҳакимжон ота Раҳимовга, Аҳмаджон Худойназаров, Ҳамидхон ака Наж­миддиновга, ВБКТТМ бўлим мудири, тажрибали шифокор Иброҳимжон ака Абдуллаевга, РШТЁИМ Наманган филали юқори технологик шошилинч хирургия илмий лабораторияси раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Баркамол Исоқовларга чин дилдан ташаккурлар айтамиз.

- Жуда ҳам хайрли ишга қўл урилибди. Наманган тиббиётининг оёққа туриши ва ривожланиши учун фидойиларча хизмат қилган таниқли инсонлар, замонамиз қаҳрамонлари ҳақида маълумот берувчи кўргазмалар катта таассурот қолдирди, - дейди Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази директори ўринбосари Осимхон Қосимов.

Дарҳақиқат, музей бугунги кунда бошқармага келиб кетувчилар, бошқа вилоятлар, пойтахтимиз ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар диққатини ўзига жалб этмоқда. Кичик бир масканда акс этган маълумотлар, суратлар ва қўйи­лган экспонатлар боис уларнинг кўз ўнг­гида Наманган тиббиётининг тарихи ва истиқлол давридаги тараққиёт даражаси ёрқин намоён бўлмоқда.

Бу - улуғ мақсадлар кўзланган эзгу ишнинг бошланиши, холос. Шу каби маданият даргоҳлари тиббиёт муассасаларида ҳам бирин-кетин очилмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалида Наманган жарроҳлиги тарихи яратилмоқда. Уйчи ва Тўрақўр­ғон тумани тиббиёт бирлашмалари ҳамда бошқа масканларда олиб борилаётган тад­қиқотлар ҳам эътиборга молик.

Қисқаси, ҳеч бир намунали фаолият, соҳа фаолларининг ибратли изланишлари, эл дардига дармон бўлиш борасидаги матонату жасоратлари асло унутилмайди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.