Чортоқ туманида "Саломатлик куни" ўтказилди. "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" шиори остидаги тиббий тадбирлардан мақсад аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун тиббиёт соҳасига оид муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда касалликларни эрта аниқлаш, шунингдек, даволаш самарадорлигини ошириш, соғ­лом турмуш тарзи тар­ғиботини кучайтиришдан иборатдир.

 

ҚУЛАЙЛИКДАН ХУРСАНДМИЗ

дейишди туман маданият марказида кечган сайёр қабулга келган кишилар.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовнинг бу галги сайёр қабули Чортоқ туманида ўтказилди. Тиббиёт тизими раҳбарига 20 нафардан зиёд беморлар ва уларнинг яқинлари мурожаат қилишди. Ҳар бир фуқаронинг мурожаати тингланиб, кўтарилган масалаларга ижобий ечим изланди. 8 нафар беморни туман марказий шифохонасида, 10 дан ортиқ хастаҳоллар вилоят даволаш-профилактика муассасаларида соғломлаштириладиган бўлди. Ишга жойлаштириш ва бошқа муаммолар эса кўриб чиқиш учун тегишли мутасаддиларга йўлланди.

- Шу қадар қулай имконият яратилганидан мамнунмиз. Қаранг, вилоятимизнинг барча таниқли мутахассис шифокорлари бошқарма бошлиғи раҳбарлигида Чортоққа келишибди. Мен ҳам уларнинг беминнат хизматидан баҳраманд бўлдим. Соҳа етакчиси безовта қилаётган дардимга даво топиш учун кўмак берди. Тажрибали невропатологдан тегишли тавсияларни олдим. Иккинчи муддаом – қизимни ишга жойлаштириш эди. Бу масала ҳам яқин кунларда ҳал этиладиган бўлди, – дейди Саида Холмирзаева мамнуният билан.

 

 

ТАЖРИБАЛИ ШИФОКОРЛАР МАҲАЛЛА КЕЗАДИ

"Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да тиббиёт ходимларининг фаолияти маҳаллаларга кўчди, десак асло муболаға эмас. Йил бошидан бери чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ёки скрининг текширувлари дейсизми, барчаси маҳаллаларда, аниқроғи беморлар истиқомат қиладиган кўча ва хонадонларда изчил давом эттирилмоқда. Бугун ушбу тиббий тадбирларга узвий равишда касалликка чалинган кишилар ва барча хастаҳолларнинг муаммоларини ўрганиш учун маҳаллабай иш олиб борилмоқда. Вилоятимиз даволаш-профилактика муассасалари шифокорларидан катта бир гуруҳи Чортоққа жалб қилинди. Жумладан, РШТЁИМ Наманган филиали вакилларини Чортоқ шаҳри атрофидаги маҳаллаларда, вилоят эндокринология диспансери мутахассисларини эса Гулшан қишлоғи ҳудудида учратдик.

"Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғинига борганимизда бизни КТМП патронаж ҳамшираси Нафиса Маматвалиева кутиб олди. Унинг таъкидлашича, ҳудудда РШТЁИМ Наманган филиали шифокорлари эрталабдан уйма-уй юриб, тиббиётга оид муаммоларни ўрганишмоқда. Чиндан ҳам Истиқбол кўчасидаги хонадонларда филиал болалар реанимацияси ва анестезиологияси бўлими врач-ординатори Қаҳрамон Рафиқноров ва клиник ординатор Адҳамжон Аҳмадалиев патронаж ҳамширалари Жамила Абдуллаева, Шаҳноза Тиллабоева ва Раҳбарой Акбаровалар ҳамроҳлигида иш олиб бораётган эди. Улар 92-хонадонда яшовчи 76 ёшли онахон Раҳима Сайдуллаеванинг саломатлиги ҳолатини кўздан кечиришди. Инсультни бошидан ўтказган аёлнинг қон босими ўлчанди. Қўшимча дори-дармонлар тавсия қилинди. Сўнгра хастаҳолнинг муаммоси ёзиб олинди. Қаҳрамон шу хонадонда оёқлари лат еган болакай Илёсжонга ҳам тиббий хизмат кўрсатди.

Кейинги манзил иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Қодиржон Ҳасановнинг хонадони эди. Қон босими юқорилиги ва аритмиядан азият чекаётган беморнинг соғлиғи текшириб кўрилди. Қабул қилаётган дори-дармонлари ўрганилди. Дардни янада енгиллатиш учун қўшимча муолажалар тавсия этилди. Шу тариқа куннинг биринчи ярмида оғир дардга чалинган инсонлар яшайдиган ўндан ортиқ хонадонларга кирилди.

 

 

СОҒЛОМ ТУРМУШ КЕЧИРИШ – СОҒЛОМ ҲАЁТ КАФОЛАТИ

52-оила поликлиникаси Гулшан қишлоғида жойлашган. Ушбу бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси туман ва вилоятдан ташриф буюрган тиббиёт ходимлари билан гавжум бўлди. Вилоят эндокринология диспансеридан борган 20 нафарга яқин саломатлик пос­бонлари ҳудуддаги 5 та маҳалла фуқаролар йиғинларига бўлиниб, кўчама-кўча юриб тиббиётга оид муаммоларни ўрганишди. Эндокриник касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида фуқароларнинг уйларида лаборатор текширувлар олиб боришди.

Оилавий поликлиника эса соғлом турмуш тарзи тарғиботи марказига айланди. Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази туман ва вилоят бўлимлари вакиллари Ҳасанбой Мамаджонов ва Дилором Маматхоновалар "Саломатлик сабоқлари" тадбирини амалга оширишди. Ҳ.Мамаджонов "Соғлом овқатланиш-соғлом ҳаёт омили" мавзуидаги маърузасини кўргазмали воситалар асосида ўқиди. Д.Маматхонова эса соғ­лом турмуш кечиришнинг олтин қоидаси ҳисобланмиш тоза қўллар қандай ювилишини ўсмир қизларга тушунтириб берди. Шу масканнинг ўзида фитобар ташкил этилиб, ташриф буюрувчилар доривор гиёҳлар дамланмаси асосида турли касалликларни даволаш сирларидан воқиф қилинди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.